Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида олти (6!) киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ҳодиса 17 август куни Жарқўрғон тумани “Ғур-Ғур” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-41 “Термиз-Жарқўрғон” автомобиль йўлида Cobalt ва Spark автомашиналари иштирокида рўй берган.

“Cobalt” машинаси ҳайдовчиси У.А. (1990 й.т.) қувиб ўтиш қоидаларини бузиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида қаршисидан келаётган ҳайдовчи С.Н. (1993 й.т.) бошқарувидаги “Spark” русумли транспорт воситаси билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этган.

ЙТҲ натижасида, Spark ҳайдовчиси 27 ёшли С.Н. ва ушбу автомобиль йўловчиси 30 ёшли М.Т. ҳамда Cobalt йўловчилари 31 ёшли С.Ш. ва 2020 йил июнь ойида туғилган 2 ойлик М.А.лар воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, Spark йўловчиси 26 ёшли Г.Х. ва Cobalt йўловчиси 5 яшар М.А.лар оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

Spark йўловчилари 30 ёшли Н.Х., 23 ёшли А.Э.лар, Cobalt ҳайдовчиси 30 ёшли У.А. ва ушбу автомобиль йўловчилари 1 ёшли А.У., 23 ёшли М.Р. ҳамда Р.И.лар тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.