Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган шахсларга қандай турдаги субсидиялар берилади?
12.01.2023 15:30,  
149

Тадбиркорлик бу таваккалчилик демакдир. Тадбиркорлик фаолиятидаги хавф-хатарларни холис баҳолаш учун бўлажак тадбиркор ўзининг бошланғич маблағлари ҳисобига бизнесни қуриши жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Ўз маблағлари етарли бўлмаганда эса, кредит ва субсидиялар тадбиркорга ёрдамга келади.

Субсидиянинг кредитдан фарқи шундаки, у давлат томонидан маълум бир соҳаларни ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади. Лекин, ажратилган субсидия суиистеъмол қилинганлиги аниқланса, давлат қонунчиликда кўзда тутилган тартибда уни қайтариб олиши мумкин.

Аҳоли (юридик ва жисмоний шахслар) орасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, бандликни таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Aҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар ажратилади:

  •  "Темир дафтар", “Aёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаш мақсадида асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 7 млн сўмгача, хотин-қизларга 10 млн сўмгача;
  •  Тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиб, энди фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга дастлабки 3 ой мобайнида ижара тўловини тўлаш учун – 10 БҲМ [2] гача;
  •  енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – 30 БҲМ гача;
  •  қишлоқ хўжалиги кооперативлари (балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа соҳалар) устав фондига улуш сифатида киритиш учун (бунда, кооператив ишсиз фуқаролар, кам таъминланганлар ва қайтган муҳожирларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилиши лозим) – 10 БҲМгача;
  •  суғориш воситалари харид қилиш учун – 10 БҲМгача;
  •  уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун – 3 БҲМгача;
  •  гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилиш учун (бунда, учтадан кам бўлмаган иш ўрни яратилиши лозим) – ҳар бир дастгоҳ учун 10 БҲМгача;
  •  балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун – 2 БҲМ;
  •  касб-ҳунарга ўқитиш марказларида компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, видео ва фотосуратга олиш, мебелларни таъмирлаш ва йиғиш, сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр хизматларини кўрсатиш каби ҳунар ўрганмоқчи бўлган ёшларга ёки ҳунар ўргатаётган (ёки ўргатмоқчи бўлган) усталарга шогирдлар тайёрлаш ёки шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун — 3 ой мобайнида 5 нафар шогирдга ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача;
  •  шогирдларга - мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш, усталарга ўз маҳсулотларини электрон тижорат орқали сотиш учун сайтларни ташкил этиш ва реклама харажатларининг 50%и (аммо БҲМнинг 25 баравари миқдоридан ошмайдиган қисми);
  •  ҳунармандларга зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун – 6 ой давомида ҳар ойда бир ўқувчига БҲМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда.
Субсидия олиш учун қандай ҳужжатлар зарур?

Субсидиянинг мақсади ва йўналишига қараб талаб этиладиган ҳужжатлар бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Масалан, «Темир дафтар», “Aёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар субсидия олиш учун қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

  •  фамилия, исми ва отасининг исми;
  •  доимий яшаш манзили;
  •  паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами);
  •  "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"нинг бирида турганлиги;
  •  сотиб олинадиган асбоб-ускуна ва/ёки меҳнат қуролларининг номи;
  •  сўралаётган субсидия миқдори;
  •  тадбиркор сифатида давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги.
Cубсидияларни олиш учун қандай ариза берилади?

Ушбу турдаги субсидиялар ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан ажратилади. Бунда доимий яшаш жойи манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёзма шаклда ёки “Онлайн маҳалла” (https://online-mahalla.uz/) электрон платформаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

Субсидияга онлайн ариза беришнинг тартиби қандай?

“Онлайн Маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилмоқчи бўлган фуқаролар қуйидаги ишларни амалга оширадилар:

  1. https://online-mahalla.uz/ сайтига кирилади;
  2. “Субсидияга ариза” тугмаси босилади;
  3. Ҳосил бўлган ойнада асосий маълумотлар киритилади (аризачининг тури (жисмоний ёки юридик шахс) танланади, паспорт ёки ID рақам, туғилган сана маълумотлари киритилади);
  4. Кейинги ойнада аризачи яшаш манзили ҳамда телефон рақами киритилади;
  5. Сўнг, субсидия ойнаси очилиб, субсидия тури (субсидия туридан келиб чиққан ҳолда бошқа керакли маълумотлар ва ҳужжатлар) ҳамда миқдори киритилади;
  6. Якуний босқичда “аризани тайёрлаш” тугмаси босилади ва онлайн ариза жўнатилади.
Субсидия неча кунда ва қандай шаклда ажратилади?

Юридик ва жисмоний шахслар субсидия олиш бўйича ариза берганидан сўнг, жами 7 иш куни ичида аризачига субсидия ажратилиши бўйича қарор қабул қилинади:

1. 3 иш кунида ҳоким ёрдамчиси:

  •  маълумотларни аризачининг жойига чиққан ҳолда ўрганади;
  •  далолатнома расмийлаштиради;
  •  Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази (Марказ)га аризачи бўйича тавсия, далолатнома ва аризани юборади.

2. 2 иш кунида Марказ:

  •  ҳужжатларни ҳаққонийлигини ўрганади;
  •  Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг (Агентлик) ҳудудий бошқармасига ариза бўйича хулоса юборади.

3. 2 иш кунида Агентликнинг ҳудудий бошқармаси:

  •  Марказ хулосаси ва у билан юборилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади;
  •  ўрганиш натижасига кўра субсидия ажратиш тўғрисида Агентлик ҳудудий бошқармасининг тегишли буйруғи расмийлаштирилади;
  •  буйруқ тўғрисида “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали Марказга, ҳоким ёрдамчисига ҳамда аризачига ёзма хабарнома юборади.
Субсидия ажратилиши қандай ҳолатларда рад этилиши мумкин?

Субсидияни ажратиш бўйича маълумот ва ҳужжатларни ўрганишга масъул ҳоким ёрдамчиси, Марказ ва Агентликнинг ҳудудий бошқармаси томонидан қалбаки ҳужжатлар, нотўғри (ёлғон) маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланса, субсидия ажратилиши рад этилиши мумкин.

Бундай вазиятда аризачига рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарнома қуйидаги муддатларда юборилиши лозим:

  • ҳоким ёрдамчиси томонидан: 1 иш кунида;
  • Марказ томонидан: икки иш кунида;
  • Aгентликнинг ҳудудий бошқармаси томонидан: икки иш кунида

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан