Тафсилотлари ошкор қилинмасдан қамалган Саид-Абдулазиз Юсупов озод қилинди – ББС 

Тафсилотлари ошкор қилинмасдан қамалган Саид-Абдулазиз Юсупов озод қилинди – ББС 

Чоршанба куни журналист ва Матбуот фондининг собиқ раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан озод этилган. Бу ҳақда Юсуповнинг яқинларига таяниб, хабарни Би-би-си Ўзбек хизмати хабар бермоқда.

Ўтган йилнинг 10 майида ДХХ томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят Кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан айбланганди. Унинг иши ёпиқ маҳкамада кўрилган.

Яқинлари ўтган йил 9 сентябридаги маҳкамага киритилмаганликларини айтишган. Шунингдек, тергов жараёнида журналистга руҳий ва жисмоний қийноқлар ўтказилганини даъво қилинган эди.

Бош прокуратура жиноят иши Юсуповнинг журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини айтган. Лекин, суд ҳукми ва тафсилотлари жамоатчиликка ошкор қилинмаган.

Шу йил январида 6,5 йиллик жазо муддатини ўтаётган Юсупов устидан «иккинчи жиноят иши» очилгани ва унинг ДХХ ҳибсхонасига қайтарилгани хабар қилинганди. Кейинроқ қамоқ муддати 2,5 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирилгани айтилган.

Ҳибсга олинишидан аввал ёзилган ва икки кун ўтиб эълон қилинган видеомурожаатда Юсупов журналистик фаолияти боис ўзи ва оиласига нисбатан тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақида гапирган.