Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Талабалар нега ўз юртида "ватангадо" бўлмоқда?
17.10.2022 13:29,  
52

Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги олийгоҳларда (кундузги бўлим) таҳсил олаётган талабалар сони 157 минг нафарни ташкил этади. Талабалар турар жойларидаги ўринлар сони эса 35 минг 639 та. Ҳозиргача 28 минг 142 нафар талаба мавжуд ўринларга жойлаштирилган. Шундан 82 минг 892 нафар талабанинг турар-жойга эҳтиёжи қандай йўллар билан қондирилаётгани бизга номаълум.

Ўлганнинг устига тепган деганларидек, Россия Федерацияси Владимир Путиннинг қисман сафарбарлик яъни мобилизация жараёни Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида 78,2 минг россиялик Ўзбекистонга ташриф буюрган. Оқибатда пойтахтда ижара уйларининг нархи бирданига 2-3 баробарга ошиб кетди. Мўмай пул топиш илинжидаги ноинсоф ижарадорлар томонидан уйдан қувилаётган талабалар ўз ватанларида сарсон-саргардон бўлишмоқда. Улар оз бўлсада, пул тўлаб яшаётган иссиққина ижара уйларда энди руслар кун кечиришмоқда. Энди уйғониш палласига келган миллат бошига кутилмаганда тушган бундай мушт яна моддий ташвишлар билан чалғишга, яна “ухлашга” мажбур қилмоқда. Ўз юртингда ижарада яшаш азоби не чоғлик оғир эканлигини мен жуда яхши биламан. Бунинг устига ўзбекларни “Сартлар” дея ҳақоратлаган миллат бугун ўз уйингга сиғинди бўлиб туриши ва шулар сабаб яшаш шароити бир даража оғирлашаётган “халқ тилини тишлаб” яшашга маҳкум эканлиги аламли ҳол, албатта. Меҳмондўстлик аслида жуда яхши одат.

Аммо меҳмон келган уйингда хотиржам яшай олмасанг-чи? Ўз фарзандларинг – не умидлар билан катта шаҳарда таълим олиш истагидаги йигит-қизларни яшаб турган ижараларидан қувиб, мўмай пул илинжидаги ўз халқинг кўчага ҳайдаётганини кўриб, кимни айблашни ҳам билмай қоларкансан. Бугунги мураккаб ҳолат тарозисининг бир палласида моддий қийинчиликлар турса, иккинчи палласида жамият ўртасидан кўтарилаётган инсоф ва оқибат турибди.

Ўтказилган сўровларга кўра, ҳар бештадан битта респондент ижара ҳақи юқори даражада ўсганлигини ҳис қилган.

Ўзбекистонда, айниқса пойтахт Тошкентда сентябрь ойининг ўзидаёқ респондентларнинг 21,1 фоизи ижара ҳақи юқори даражада ўсганлигини қайд этишган, бу нархлари юқори ўсганлиги қайд этилган олтинчи позиция бўлган. Августда ижара ҳақи ўсиши энг кўп сезилган ТОП-10 талик позицияга ҳам кирмаган эди.

Сентябрда яна шунингдек, гўшт ва сут (39,2 фоиз), нон ва ун (33,0 фоиз), шакар ва қандолат (32,0 фоиз), ёғ (31,8 фоиз), бензин ва ёқилғи (23,8 фоиз) нархлариниинг ўсиши энг кўп респондентлар тарафидан кўрсатиб ўтилган.

Сезилган инфляциянинг энг баланд даражасини Бухоро вилояти (17,1 фоиз), энг паст даражасини эса қўшни Навоий вилоятида (11,3 фоиз) ҳис этишган.

Учинчи чоракда ижара нархлари уй-жой нархларидан 2,7 баробаргача тезроқ ўсган 2022 йил 3-чоракда республика бўйича ижара ҳақлари 14 фоизга қимматлаган, хусусан сентябрь ойида ижара нархи 7,7 фоизга қимматлаган. Бу маълумотларни Марказий банкнинг шарҳидан кўриш мумкин.

Айни шу даврда республика бўйича иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари 5,2 фоизга, бирламчи бозордаги нархлар эса 5,5 фоизга ўсган. Бошқача айтганда, ижара ҳақи уй нархларидан кўра ҳаддан зиёд юқори суръатларда ошиб борган.

Бирламчи бозорда ҳам, иккиламчи бозорда ҳам энг арзон уйлар Хоразм вилояти, энг қиммат уйлар Тошкент шаҳрида бўлиб қолмоқда.

Учинчи чоракда уй-жой нархларининг энг тез ўсиши Қорақалпоғистонда кузатилган (+19,4 фоиз). Жанубда, Сурхондарёда эса уйлар 10,2 фоизга арзонлаган. Сурхондарёда ўтган 2-чоракда ҳам нархларнинг сезиларли арзонлашиши кузатилганди (-4,9 фоиз).

Регуляторга кўра, хорижий сайёҳларнинг кириб келиши натижасида талабнинг ошиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари, хусусан, трансчегаравий пул ўтказмаларининг кўпайиши, шунингдек қишлоқ хўжалиги пул тушумларининг ошиши билан боғлиқ мавсумий омиллар нархларнинг ошишига асос бўлмоқда.

Бироқ қўшни Қозоғистонда ижара ҳақларининг бироз енгилашганини кузатиш мумкин, Ўзбекистонда эса бу бўйича маълумот берилмаган.

Охирги ҳафтада Астана (-6,8 фоиз), Актобе (-14,6 фоиз), Павлодар (-10,4 фоиз) ва Атирау (-4 фоиз) каби  шаҳарларда квартира ижара нархлари пасая бошлаган.

Лекин сентябрь боши билан солиштирганда ижара нархларнинг юқорилагани ҳаддан зиёд бўлиб турибди. Хусусан, пойтахт Астанада ижара нархлари 52,8%га, Алматида эса 44,4 фоизга кўтарилган.

Пул қийматида ҳисоблаганда 1 хонали квартиралар энг қиммат ижараси Алматида ўртача 270 минг тенге (560 доллар) ва Астанада 250 минг тенге (520 доллар).

Энг арзон квартиралар ижараси Ўзбекистонга қўшни Чимкентда - 100 минг тенге (210 доллар).

Ўзбекистонда ҳам қўшни Қозоғистондаги каби тенденциялар давом этмоқда. Фақат бу бўйича баҳолаш ва аниқ статистик маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли ўртасида  миллатнинг якдиллиги таъминланса, бундай қийин вазиятларда талаба ёшларнинг кўчада қолиш ҳолатлари кузатилмас эди.  Аслида, талабаларнинг контракт тўловлари эвазига уларни турар жой билан таъминлаш Олий таълимнинг вазифаси эмасмиди? Ҳукуматдан ҳам бу муаммоларга тегишли муносабат кутиб қоламиз. Зеро, ватаннинг эртаси бўлган ёшлар бугун бекатларда тунашга мажбур бўлишмасин.

Гулҳаё АНОРОВА журналист.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан