“Таълим харажатлари ўзбек талабаларида стресс ва чорасизлик ҳиссини уйғотмоқда” — ЮНИСЕФ ўзбек ёшлари ҳақида нима демоқда?

“Таълим харажатлари ўзбек талабаларида стресс ва чорасизлик ҳиссини уйғотмоқда” — ЮНИСЕФ ўзбек ёшлари ҳақида нима демоқда?

ЮНИСЕФ ташкилоти “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида тайёрланган “Ўзбекистон ёшлари: чақириқлар ва истиқболлар” мавзусидаги ҳисоботини эълон қилди.Таъкидланишича, республика бўйича 14—30 ёш оралиғидаги 4458 нафар респондент орасида ўтказилган сўров ҳисобот хулосалари учун асос бўлиб хизмат қилган.
“Ўзбекистонда болалар ва 30 ёшгача бўлганлар аҳолининг 60 фоизини ташкил қилади. 15—20 йилдан кейин улар мамлакат тарихида энг катта ҳажмдаги ишчи кучини ҳосил қилади. Шу боис болалар ва ёшлар масалалари Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга”, — дейилади ҳисоботда.
Ўтказилган сўров хулосаларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб таҳсил олувчилар умумий ҳисобда таълим инфратузилмасидан (ўқув материаллари, таълим муассасаларидаги муҳит) қониқишини билдирган бўлса-да, қишлоқ ҳудудларида шаҳарга нисбатан аҳвол ёмонроқлигини айтган.
Шунингдек, талабалар ўқув тизими кўпроқ мотивасия уйғота олувчи, амалиётга йўналтирилган бўлишини, тил кўникмалари иш саводхонлигини оширишни хоҳлашларини айтган.
“Кўплаб талабаларда таълим билан боғлиқ харажатлар стресс ва чорасизлик ҳиссини чақиради. Бу харажатлар қаторида ёшлар репетиторлик машғулотлари учун тўлов, пора бериш ҳолатлари, ОТМларда ўқиш тўловларининг юқорилигини кўрсатишган”, — дея таъкидланади ҳисоботда.
Қайд этилишича, уй ва оила юмушлари, янги иқтисодий имкониятлар излашда мобилликнинг пастлиги ёш аёлларнинг шахсий даромадига эга бўлишига тўсқинлик қилади. 19—30 ёшлилар орасида таълимни, касбий тайёргарликни давом эттирмайдиганлар ва ишламайдиганлар улуши 54,6 фоизини ташкил қилади. Бу борада аёлларнинг улуши сезиларли даражада кўп — 74 фоиз.
Мамлакат ёшларининг компютерни ўрганишга қизиқиши юқори бўлса-да (86,9 фоиз), компютерда умуман ишлай олмайдиган ёшлар — асосан аёллар ва қишлоқ ҳудудида яшовчилар қатлами ҳам (37,8 фоиз) мавжуд.
“Ёшлар ислоҳ қилиниши зарур бўлган соҳалар қаторида сифатли таълим, касбий тайёргарлик, ёшлар орасидаги ишсизлик ва даромадлар пастлиги билан самарали кураш, эрта турмуш, ажримлар, катта ва ёш авлод ўртасидаги зиддият каби ижтимоий муаммоларни кўрсатади. Ёш авлоднинг аксарияти сиёсий янгиликларга қизиқиш кўрсатиб, ўз фикрини эркин ифодалай олишини билдирса-да, жуда камчилик ёшлар жамоат ва сиёсий ташкилотлар фаолиятида иштирок этади”, — деб хабар бермоқда Дарё.уз