Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Таниқли киноижодкорлардан иборат ўзбек делегациясининг Тожикистонга сафари якунланди
3.04.2022 16:23,  
55

30 март – 2 апрель кунлари Тожикистонда “Ўзбек кино кунлари” ҳамда МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари раҳбарларининг IV кенгаши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Кинематография агентлигидан Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчанов, киноижодкорлар Рашид Маликов, Баҳодир Одилов, Лола Элтоева, Умид Искандаров, Нигина Анорбоева, Фурқат Усмонов ва бошқалар иштирок этишди.

 “Ўзбек кино кунлари” доирасида тожикистонлик томошабинлар учун Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “101 рейс”, “Бир кунлик тўй”, “Тутқунлик” бадиий фильмлари, “Матонат мактаби” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Кинофильмлар премьераси Тожикистон Республикасининг “Синамо” ва бошқа телеканаллари орқали эфирга узатилди. Душанбедаги  “Кохи Навруз” маданият саройида ўтказилган “101 рейс” фильми премьерасидан сўнг Ҳисор шаҳрида Рашид Маликов режиссёрлигида суратга олинган “Тутқунлик” бадиий фильмининг премьераси ҳам бўлиб ўтди.  Рашид Маликов тожик киноихлосмандларини кино кунлари билан табриклаб, ўзбек кинематографиясининг энг сўнги фильмлари улар учун туҳфа қилинганини билдирди:  

 – Ўзбек киноси тарихидан маълумки, халқларимиз ўртасидаги маданий-маънавий ҳаётнинг бир-бирига мутаносиблиги, урф-одатларимизнинг яқинлиги ишланган кинофильмларда акс этган. Ўтган йилдан бу маданий алоқалар ўзаро мустаҳкамланиб, Ўзбекистон ва Тожикистонда кино кунлари ўтказилмоқда. Ҳамкорликда фильмлар суратга олинмоқда. 2021 йил май ойида юртингизга ижодий сафар билан ташриф буюрган эдик. Навбатдаги сафаримиз давомида ҳам мамлакатингизда ўзбек кино кунларини ўтказишни ният қилдик. Ўзбек киносининг сиздек мухлислари бор эканлигидан бағоят шодмиз!

 Тожикистонда бўлиб ўтган “Ўзбек кино кунлари”нинг ёпилиши илк бор “Точи сомон” биринчи тожик миллий киномукофотини топшириш маросими доирасида ташкил этилди. Унда ўзбек делегацияси ҳам иштирок этди ва ғолибларга статуэткалар ўзбек киноижодкорлари томонидан топширилди. 

 Ўзбекистон Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов тожик миллий киномукофотини ўзбек делегацияси томонидан топширилганини алоҳида қайд этди:

 – Эътибор берган бўлсангиз барча мукофотларни ўзбек ижодкорлари топширди. Бу нафақат бизнинг делегацияга қилинган эҳтиромдир балки, бутун ўзбек санъатини эътироф этишдир. Тожикистонлик ҳамкасбларимиздан миннатдор бўлган ҳолда ўзаро ҳамкорликларимиз икки тараф учун ҳам самарали ва мазмунли бўлишига ишонаман.

 Делегация сафари давомида Алишер Навой ва Абдураҳмон Жомий ҳақидаги фильм бўйича тақдимот ташкил этилди. Сўнгра, икки томоннинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан фильмнинг концепцияси тасдиқланди. 

 – Жомий ва Навоий тожик халқининг ифтихори саналади. Шу вақтгача бу улуғ мутафаккирлар ҳақида йирик бадиий фильм яратилмаган. Эндиликда, ўзбек ва тожик киноижодкорлари томонидан ҳамкорликда Жомий ва Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида суратга олиниши режалаштирилаётган янги бадиий фильм улуғ мутафаккирларнинг шахси ва хотирасига муносиб ҳурмат бўлади. Жумладан, биз тожик ижодкорлари катта масъулиятли вазифа олдида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бағоят мамнунмиз! – деди Тожикистон Фанлар академияси кутубхонаси директори, филология фанлари доктори Шодимуҳаммад Сўфизода.

 – Президентимиз томонидан бир йил олдин берилган таклифлари асосида яратилаётган ушбу фильм учун, жуда кўп маълумотлар йиғилди ва ўзбекистонлик ва тожикистонлик Навоийшунос ва Жомийшунос олимлар билан музокарарлар олиб борилди. Улардан олинган маълумотларга асосланиб сценарий ёзилди ва ушбу лойиҳа муҳокамалар жараёнида тасдиқланди, - деди фильм сценарий муаллифи Рустам Жабборов. 

 Томонлар ҳамкорликда яратилиши режалаштирилаётган яна бир “Кўринмас юлдуз” фильми синопсисини ҳам маъқуллаб, ишга туширишни келишиб олишди. Бу ҳақда фильм режиссёри Аслзода Меҳрибон қуйидагиларни маълум қилди:

 – Бу 30 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистонлик киноижодкорлари биргаликда ишлаётган биринчи қўшма лойиҳа бўлиб, бу фильмдан кейин ижодкорларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишига аминман.

«Тожикфильм» давлат муассасаси бош директори Маҳмасаид Шоҳиён эса ўзбек ижодкорларининг муваффақиятлари улар учун ўрнак бўлишини билдирди:

 –    Ўзбек киноижодкорларининг муваффақиятлари биз учун ўрнак бўлиб хизмат қилади. Маълумки, кино санъатини ривожлантиришда, муносибларни эътироф этишда Ўзбекистонда “Олтин Ҳумо” миллий киномуокофоти жорий қилинган. Бу йилдан Тожикистонда ҳам “Точи сомон” миллий киномукофотига асос солинди. Илк маротаба ўтказилаётган маросимда ўзбек киноижодкорларининг иштироки бизни янада мамнун қилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг филиали очилгани нафақат ўзбек ёшларини, балки тожикистонлик ёш киноижодкорларини ҳам хурсанд қилди. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу таълим муассасасида бизнинг ёшларимиз ҳам таълим олиш ниятини билдиришмоқда. Келгусида кино таълими соҳасида ҳам Кинематография агентлиги билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйга қўйиш режалаштирилган 

 Делегация энг муҳим тадбир – Душанбеда ташкил этилган МДҲ давлатлари ва Грузия киностудиялари директорларининг кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кенгашида ҳам иштирок этди. Кенгаш ишида 14 га яқин МДҲ давлатлари ва Грузиянинг етакчи киностудиялари, иштироки таъминланди. Кенгаш аъзоларининг қарори билан “МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари халқаро ижодий уюшмаси” ишчи номи остида халқаро альянс тузилди. Ташкил этилган ишчи гуруҳга ассоциациянинг низоми ва тузилмасини шакллантириш каби вазифалар юклатилди. Уюшма раиси этиб эса бир овоздан, кинематография соҳасида катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Кинематография Агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сайланди.

 –  Бу ҳамкорлик сифатини ошириш, ўзаро бозорларга чиқиш, кино ишлаб чиқаришда ижодий ва иқтисодий ресурсларни бирлаштиришга қаратилган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Шу билан бирга, биз бу ҳамкорлик тизимли ва мунтазам кўринишга эга бўлиши кераклигини тушунамиз. Бунинг учун янги механизмлар талаб этилади, шунинг учун ҳам биз кино ҳамжамиятини яратмоқдамиз ва Ўзбекистон тажрибасини асос қилиб олган ҳолда ҳамкорлик моделининг ушбу вариантини бир овоздан қабул қилдик, — дея таъкидлади “Беларусфильм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский.

–  Ўзбекистон Президентининг дунё мамлакатлари билан яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга қаратилган сиёсати, шу билан бирга кинематография соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир нуқтада бирлашмоқда. Бой тарих ва анъаналарга эга бўлган МДҲ ва Грузиянинг нуфузли киностудиялари томонидан кўрсатилаётган ишонч уюшмага аъзо мамлакатлар кино саноатини ривожлантириш учун ҳам, Ўзбекистон Кинематографияси учун ҳам янги имкониятлар яратади. Шу ўринда, Тожикистон ҳукумати ва элчихоналарга, Тожикфильм раҳбариятига ва албатта тожикистонлик киноихлосмандларига ҳам ташаккур изҳор қиламан. Бизни юқори даражада кутиб олишди, тадбирлар ҳам юқори савияда ташкиллаштирилган. Икки давлат раҳбарларининг соҳага қаратаётган эътибори, киноижодкорларга бераётган имконияти учун алоҳида миннатдорчилик билдирамиз, – деди Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

 – Маълумки, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, тожик ва ўзбеклар азалдан қардош, бири-бири билан дўст ва ҳамкор халқлар ҳисобланади. Зеро, кино санъати орқали ҳам ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш мумкин. Бу эса сифатли киноларимизни кўпайишига, халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади, - дея таъкидлади “Кинематография аълочиси” кўкрак нишони соҳиби, Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Заур Дахте.

 Таниқли киноижодкорлардан иборат ўзбек делегациясининг Тожикистонга ижодий сафари 2 апрель куни ўз ниҳояси етди. Делегация ва “Ўзбек кино кунлари” билан боғлиқ барча тадбирлар юртимизнинг давлат ва нодавлат телеканаллари орқали ёритиб борилди. 

Эслатиб ўтамиз, олдинда Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Эврилиш”, “Барон-2”, “Муҳаббат баҳори”, “Аёл қисмати” каби фильмларнинг катта премьераси ўтказилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан