Таниқли профессор, таржимон Муҳаммаджон Холбеков вафот этди

Таниқли профессор, таржимон Муҳаммаджон Холбеков вафот этди

Таниқли педагог ва моҳир таржимон, филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбеков вафот этди.

Муҳаммаджон Холбеков 1950 йилда Самарқандда туғилган. Самарқанд давлат университетининг роман-герман филологияси факультетини тамомлаган.

Самарқанд давлат педагогика институтида, Самарқанд давлат университетида кафедра мудири, факультет декани, филология йўналиши бўйича ҳимоя кенгаши аъзоси бўлиб ишлаган. 1982 йилда номзодлик, 1989 йилда докторлик диссертацияси ёқлаган.

1999-2005 йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институти француз филологияси факультети декани ва кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.

2006 йилдан Жиззах давлат педагогика институтида, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Жиззах давлат педагогика институти, Қарши давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ёш тадқиқотчиларга раҳбарлик қилган.

Муҳаммаджон Холбековнинг француз адабиётидан қилган ўнлаб таржималари нашр этилган. 

Унинг “Ўзбек адабиёти Францияда”, “Амир Темурнинг Европа қироллари билан ёзишмалари”, “Уильям Шекспир”, “ХХ аср модерн адабиёти манзаралари” каби рисолалари нашр этилган.