Одамлар, сизларни танқид қилсам майлими?

Одамлар, сизларни танқид қилсам майлими?

Шерзод Шерматов: "Ўзи умуман, телевидение орқали кимнидир рухсатисиз танқид қилинаётганда, иқтисодий ривожланган давлатлардагидек имкони борича уни таниб бўлмайдиган қилиб, юзини кўрсатмасдан амалга ошириш тўғри бўлади, айниқса ёш болаларга бу жуда салбий таъсир қилади."

Бу гапни хазм қилишда Эркюль Пуаронинг мия ҳужайралари дош беролмаган бўларди. Эндиги интервьюларда шундай мазмундаги саволни эшитиб қолсангиз ажабланманг:

- Жаноб Бош вазир, сизни танқид қилсам майлими? Лекин кимлигингизни айтмаймиз. :)
- Жаноб Ички Ишлар вазири, рухсатингиз билан сизнинг ИВС ва СИЗОларингизни танқид қилсак, бунга нима дейсиз? Лекин қайси ИВСлигини айтмаймиз...
- Ахб... вазирлиги нега телевидениядаги сериалларга қарамаяпти? "Айниқса ёш болаларга бу жуда салбий таъсир қилади."
Майли вазирларни тинч қўйиб турайлик...
- Битта партия бор, кўчадаги ахлатни йиғиштириш ўрнига ахлат қилмасликни тарғиб қилиб юради. Лекин қайси партиялигини айтмаймиз, ха-ха-ха!
- Менга қайсидир партия популизм орқали овоз йиғишга уринаётгандек туюляпти, сизгачи?

Хўп, партияларниям гапирмаймиз. Умуман, кимни гапириш керак? Нонни исроф қилманг, сувни асрайлик, катталарни ҳурмат қилиш керак, қизларни хафа қилмайлик, ўзимизнинг тилда гаплашайлик.... шуми журналистика? Шуми қолипларимиз? Ким мана шу мавзуларда баландроқ гапирса, унга ҳадя берамиз, шундайми?

Журналистика хавф остида қолмоқда... Умуман рухсат сўраб қилинадиган танқид қандай бўлади? Келишиб олишадими? Айрим журналистларимиз интервьюни шундай чиқаришади, баъзан. "Мен мана бу саволни бераман, сиз мана бундай жавоб берасиз. Орада бироз танқид қилиб кетамиз, лекин ҳавотирга ўрин йўқ! Очкога ишлаб оламиз! Ўзига хос ПиАр! Нима дейсиз?.. Бўлмайди? Ҳа майли, шунчаки суҳбатлашиб қўёврамиз"...

Давра қуриб қимор ўйналаётганда, икки киши бир-бирининг қартасига қараб олиши, ўзаро келишиб олиши ёки бир-бирига имо-ишора қилиши мумкин. Шунда буни сезганлар нима дейишади, биласизларми? "кўз қисиб ўтирасанми, қучоғига ўтирволақол!" Одатда, жанжал мана шундан кейин бошланади.

Айрим журналистларга айтар сўзим, мақола ёзаётганингизда, қаерда ўтирганингизга эътибор беринг. Амалдорнинг "қучоғида" ўтириб мақола ёзиб бўлмайди.

Баъзи амалдорларга эса "танқиддан хафа бўлиш эмас дарс олиш керак" дейман. Бошқа такрорламаслик учун. "Йўқ, бизга ёқмайди" денглар, мақтаб ёзоврамиз. Соққасини келишсак бўлди. Футболист трансфер бўлганда, журналист бўлмасинми?

Мишаа, танқид отмен! Мақтаймиз!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.