Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тарихда илк марта Давлат тест марказида пресс-тур ўтказилди (фото, видео)
17.12.2019 19:45,  
671

2019 йилнинг 17 декабр куни Давлат тест маркази фаолияти тарихида илк бор пресс-тур (очиқ саёҳат) ташкил этилди. Унда телерадио ва матбуот журналистлари, оммавий ахборот воситаларининг бошқа вакиллари қатнашди.

Пресс-тур давомида журналистлар ва блогерлар бошқармалар, бўлимлар фаолияти, шунингдек, мавсумий махсус ёпиқ режим фаолияти билан очиқ ва батафсил танишиб чиқдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олдилар. Уларга хоҳлаган мавзуда етарли даражада матнли, аудио, фото ва видео материаллар тайёрлаш имконияти яратилди.

Давлат тест маркази раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Мажид Каримов оммавий ахборот воситалари вакилларига ташаккур изҳор этиб, жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш борасидаги фаолиятларида омад тилади.

Давлат тест маркази директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ушбу муассасага бундай пресс-тур илк марта ташкил этилаётгани, журналистларга марказ ходимлари ҳам кириши мумкин бўлмаган махсус қўриқланадиган бино ва бўлимлар билан танишиб, фото ва видео олиш мумкинлигини таъкидлади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига директор ўринбосарлари Қаҳрамон Ҳақбердиев ва Шерзод Ботиров ҳамроҳлик қилди.

Дастлаб журналистлар чет тилини билиш бўйича тест синовлари ўтказиладиган мини аудитория билан танишишди. У ерда тест жараёнларининг қандай ташкил этилиши ҳақида тушунча берилди.

Журналистлар марказда ташкил этилган катта аудитория билан ҳам танишдилар. Бу ерда 100 дан ортиқ талабгорлар тест топширишлари мумкин. Аудитория хавфсизлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида видеокамералар билан жиҳозланган.

Тест технологияларини ривожлантириш бошқармасида тест саволларини тузиш жараёни кўрсатилди. Марказда 13 та умумтаълим фанларидан 140 нафар фан экспертлари 120 000 дан ортиқ тест саволларини тузишган (2017 йилда 37000 та).

2019 йилдан Давлат тест марказининг фанлар бўйича алоҳида тўпламлари чоп этилмоқда. Тўпламда мутахассислар тавсиялари, тест саволлари, жавоб варақаси мавжуд. Жавобларни онлайн текшириш хизмати ҳам йўлга қўйилган.

Компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармасида тест синовларини абитуриетлар учун янада осон ва қулайлаштириш мақсадида электрон ҳужжат топшириш имконияти яратилгани намойиш этилди. Абитуриентнинг шахсий кабинетидаги имкониятлар, абитуриент рухсатномасини онлайн чиқариш, натижаларни кўриш тартиби бўлғуси талабаларнинг вақти тежалишига имкон беради.

Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси берган маълумотларга кўра, 2019-2020 ўқув йилида ОТМларга кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 1 066 926 нафар бўлиб, шундан 979 521 нафари тест топширган. Тест жараёнига 5248 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилган. Республика бўйича жами 66 та бино, 1189 та гуруҳ, 35670 та ўтириш ўрнидан фойдаланилган.

2019 йилда рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони рекорд даражасига етди. 2018 йили — 814 952, 2017 йили — 729 304, 2010 йили эса 336 800 абитуриент ҳужжат топширган.

Махсус қўриқланадиган бинода тест саволларини ишлаб чиқиш, уни чоп этиш ва тайёрлаш ҳамда натижаларни текширув жараёни журналистлар учун қизиқ бўлди. ОТМларга имтиҳон мавсумида бу бўлимлар хавфсизлиги оширилиб, ишчилари казарма режимида ишлайди. Ишчилар учун ичкарида ётоқхона, ошхона, спорт заллари ташкил этилган. Ҳар бир бўлим ва махсус хоналарга кириш бармоқ изи ва юзни аниқлаш орқали амалга оширилади. Ичкарида телефон, флешка, фотоаппарат, камера, диск ва бошқа ёзувчи мосламалардан фойдаланиш тақиқланади. Телефон сигналлари махсус глушителлар ёрдамида тутиб, бинога ўтказилмайди.

Тест синовларини чоп этиш ва текшириш хоналарининг деразалари ҳам муҳрланган, хона марказий вентиляцион тизим орқали ҳаволантирилади. Бинонинг ҳар бурчагида, шунингдек, компьютерлар қаршисида видеокамералар ўрнатилган. Ҳар бир ҳаракат овоз билан қайд этилади ва марказий видео кузатув орқали назорат қилинади.

Жавоб варақаларини текшириш бўлими ҳам замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган. Жавоб варақаларини текшириш ва тўғри жавобларни автоматик тарзда аниқлаб, базага киритиш махсус дастур асосида амалга оширилади. АҚШ ва Россия технологияси асосида жавоб варақалари сканер қилинади. Иккита технология асосида текширилган ахборотлар бир-бирига мос келган тақдирдагина натижалар эълон қилиш учун юборилади.

Бу йил амалиётга татбиқ этилган жавоблар варақаси расмини ҳам ДТМ сайти орқали кўриш имконияти кўпчиликка қўл келди. Мутахассисларнинг айтишича, бу йил атиги 4 абитуриент жавоблар варақасининг аслини кўришни талаб қилган.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари бўлим раҳбарлари билан суҳбатлашиб, керакли саволларига жавоблар олишди.

Видео:

Фотогалерея:

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан