Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга кетаётган фуқароларга муҳим огоҳлантириш билан чиқди

Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга кетаётган фуқароларга муҳим огоҳлантириш билан чиқди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган фуқароларга мурожаат қилди.

ТИВ хабарида қайд этилишича, ҳозирги пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳуқуқий тартиб ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда шаҳарда ноқонуний юрган хорижий фуқароларни аниқлаш ва уларни мамлакатдан чиқариб юбориш борасида транспорт воситаларида, иш ва яшаш ҳамда жамоат жойларида мунтазам текширувлар олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва ватандошларни ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси шаҳар Хавфсизлик бошқармаси ва миграция хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказган.

Турк мутахассисларининг таъкидлашича, аксар хорижий фуқаролар Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи (ikаmеt izni) ва ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатлар фарқини билмайди.

Қонунга мувофиқ яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга чет эл фуқаролари Туркия ҳудудида ишлашни истасалар, албатта, қўшимча ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларга ҳам эга бўлишлари шарт. Акс ҳолда, улар қонунни бузган ҳисобланади ва уларга нисбатан чоралар кўрилади.

Маълумки, 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Туркия Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу муддат Туркияда ишлаш мақсадида келган хорижий фуқароларга яшаш ҳуқуқи ва ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун етарли муддат ҳисобланади.

Бундан ташқари Туркиянинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида турк иш берувчилари билан икки томонлама шартномалар тузиш орқали Туркияга келишидан олдин ҳам ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини расмийлаштириш имконияти мавжуд. Бу эса, ишлашга келмоқчи бўлган фуқароларнинг ишини сезиларли даражада осонлаштиради.

Шу муносабат билан Бош консулхона Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларини барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга ва мамлакатда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақирган.

Зарур ҳолатларда фуқаролар Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси Консуллик бўлимига (0312) 441-17-46, e-mail: [email protected], факс: +90 312 442 70 58) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига(+90 212 323-20-37, факс:+90 212 312 20 40, e-mail:[email protected]) мурожаат қилишлари мумкин.