ТДАУда икки янги проректор, маслаҳатчи ва ва бошқа кадрлар ўзгариши рўй берди

ТДАУда икки янги проректор, маслаҳатчи ва ва бошқа кадрлар ўзгариши рўй берди

Тошкент давлат аграр университети (ТДАУ)да 2021 йилнинг октябрь ойидан бошланган кенг қамровли ўзгаришлар мобайнида барча йўналишлар (таълим сифати, инфратузилма, маъмурий-хўжалик қисми ва бошқалар) бўйича салмоқли кадрлар ўзгариши рўй берди. Бундан ташқари, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий олий ўқув муассасалари борасида муваффақиятли иш тажрибасига эга бўлган иккита янги проректор ва ректор маслаҳатчиси университетда ўз ишини бошлади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида ЎзР қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ТДАУ ректори этиб тайинланган эди. Октябрь ойининг бошларида ТДАУдаги ўқув-таълим, ижтимоий-иқтисодий ва маъмурий масалалар ечимини топиш учун маҳаллий ва хорижий экспертлар жалб этилиб, мавжуд вазиятни ўрганиш ва барча жараёнларни тўлиқ мақбуллаштириш билан шуғулланишни бошлаб юборишди.

ТДАУда КАДРЛАР ЎЗГАРИШИ

Кадрлар сиёсатини такомиллаштириш – бугунги кунда 11 мингдан зиёд талабалар таҳсил олаётган ва 500 га яқин педагоглар фаолият юритаётган Ўрта Осиёдаги энг йирик аграр университетида бошланган ислоҳотларнинг энг муҳим ва устувор босқичларидан бири.

ТДАУнинг етти проректоридан ўз лавозимида ўқув ишлари бўйича проректор Соҳиб Исламов, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Камолиддин Султонов ҳамда АКТ масалалари бўйича проректор Фурқатбек Нуржанов қолишди.

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Ином Исроилов ҳамда молия-иқтисодиёт ишлари бўйича проректор Шуҳрат Саттаров ўз лавозимидан озод қилинди. Шу кунларда уларнинг ўрнига илгари профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўйича проректор бўлган Раъно Турдибоева ҳамда бундан аввал халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректор лавозимини эгаллаб келган Абдуазиз Абдувосиқов тайинланди.

Шунингдек, университетнинг бош ҳисобчиси Ҳамидулла Янгибаев ҳам ўз вазифасидан озод этилди.

ХОРИЖИЙ УНИВEРСИТEТЛАРДА ИШЛАШ ТАЖРИБАСИ БЎЛГАН МУТАХАССИСЛАР ТДАУнинг ЯНГИ ПРОРEКТОРЛАРИ ВА РEКТОР МАСЛАҲАТЧИСИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

 Талаба-ёшлар билан ишлаш бўйича ректор маслаҳатчиси этиб илгари 

United Business Institutes (Бельгия ва Люксембург бирлашган бизнес-институти)да декан бўлган Аминова Мунира Абдугафуровна тайинланди.

ТДАУ профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўйича проректор этиб тайинланган Юлдашева Саломат Шарофитдиновна бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби директорининг тадқиқотлар, инновациялар ва халқаро ривожланиш бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаб турган эди.

Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректор этиб тайинланган Хасанов Алишер Наджимиддинович бундан бир ой муқаддам ТДАУдаги ўқув жараёнларини такомиллаштириш бўйича маслаҳатчи сифатида жалб қилинган эди. Бундан олдин Алишер Хасанов Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университетининг иқтисодий ва молиявий ишлари бўйича проректори бўлиб ишлаган, шунингдек, ТEАМ университетини бошқарган.

Янги ходимларнинг вазифалари ТДАУ профессор-педагоглар таркибини профессионал ривожлантириш билан боғлиқ барча жараёнларни мақбуллаштириш, таълим ва амалиёт сифатини ошириш, шунингдек, илмий салоҳият ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Бу эса ўз навбатида университетда таълим олиш даражаси ва сифатини ошириб, олийгоҳнинг мақоми ҳамда халқаро рейтинги яхшиланишига олиб келиши даркор.

ТДАУда янги ўзгаришлар доирасида талабалар амалиётининг ҳақиқий агрокорхоналар ва илмий-тадқиқот марказларида ўташ тизимини ривожлантириш, талабалар ва ўқитувчилар малакасини хорижда ошириш, шунингдек, ўқиш, режалаштириш, бошқариш ва ички жараёнларни оптималлаштиришга янгича ёндашувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.