Telegram Android'лар учун видеоқўнғироқ хизматини ишга туширди (видео)

Telegram Android'лар учун видеоқўнғироқ хизматини ишга туширди (видео)

Узоқ кутилган функциядан ҳозирча Android-смартфонлар эгалари фойдалана олиши мумкин. Расмий Telegramнинг хабар қилишича, Apple компанияси илованинг видеоқўнғироқ хизмати қўшилган янгиланган версиясини эълон қилишни пайсалга солмоқда.

«2020 йил видеоалоқаларни амалга ошириш учун ишончли воситаларга эҳтиёж борлигини намойиш этиб берди ва бугун биз Android учун мўлжалланган иловада видеоқўнғироқларнинг алфа-версиясини ишга туширамиз (iOS учун қўнғироқлар имконият туғилиши ҳамоно пайдо бўлади).

Видеоқўнғироқни ишга тушириш учун фойдаланувчи профилида камера белгиси туширилган тугмани босинг. Сиз суҳбат мобайнида овозли қўнғироқ ва видеоқўнғироқ режимини алмаштира оласиз, шунингдек қўнғироқни якунламасдан туриб чатларга ёза оласиз: видеоқўнғироқни экран бурчагига кичикроқ ойна кўринишига келтириб йиғиштириб қўйиш мумкин», — дейилади хабарда.

 

 

Қайд этилишича, видеоқўнғироқларда маълумотларни ҳимоялаш учун икки томонлама шифрлашдан фойдаланилади. Уланиш хавфсиз амалга ошганини текшириш учун сиз ва суҳбатдошингиз экранида пайдо бўлувчи тўртта эмодзини солиштириш керак: агар символлар бир хил бўлса, махфий чатлар ва овозли қўнғироқларда бўлгани сингари, қўнғироқ шифрлар билан мустаҳкам ҳимояланган бўлади.

«Таассуфки, iOS фойдаланувчилари Apple янгиланишни текшириб чиққунга қадар биз билан биргаликда бироз кутишларига тўғри келади. Эҳтимол, бу айримлар учун фойдаланувчилари ҳамда дастурчиларни кўпроқ ҳурмат қилувчи мобил платформа (масалан, Android)га ўтиш учун сабаб бўлиб хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, 14 август куни Telegram мессенжери ишга тушганига 7 йил тўлди. Таваллуд куни муносабати билан ишлаб чиқарувчилар анимациялашган эмодзилар тўпламини ҳам кенгайтиришди.