Телеграм АҚШ ҳукуматига $18,5 млн. жарима тўлайди

Телеграм АҚШ ҳукуматига $18,5 млн. жарима тўлайди

Фото: Cryptopanic

Павел Дуровнинг Телеграми ва АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси (SEC) ўзаро келишувга эришдилар. Бу ҳақда SEC вакилининг ишни бошқарган судя Кевин Кастелга йўллаган мактубида айтилади, деб ёзмоқда Forbes.

Келишувга кўра, Телеграм $1,244 млрд.ни инвесторларга қайтариши ва 18.5 миллион доллар миқдорида жарима тўлаши керак, бундан ташқари, компаниядан 45 кун ичида маълум рақамли активларни чиқаришда иштирок этиш тўғрисида SEC'га хабар бериш талаб қилинади, дейилади хатда. Телеграм шунингдек, 1933 йилдаги АҚШ қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунининг 5-бўлимини бузмасликка ваъда берди. Бу SEC томонидан рўйхатдан ўтказилмасдан қимматли қоғозлар чиқарилишини тақиқлайди.

Павел Дуров Телеграм каналида битим тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади. Компания суд жараёнини давом эттириш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти ва унинг айбини тан олиш ёки рад этишга мажбур қилмасдан низони ҳал қилишдан мамнун. Телеграм аллақачон инвесторларга "$1,2 млрд.дан кўпроқ" тўлаган", дейилади хабарда. "Умид қиламизки, келажакда АҚШда блокчейн технологиясини тартибга солиш муҳити бошқалар учун янада қулай бўлади", - деб таъкидлайди Телеграм.

Телеграм ўтган йилнинг кузида ўзининг TON блокчейн платформаси ва GRAM криптовалютасини эмитация қилишни режалаштирганди. Дуров ушбу лойиҳани амалга ошириш учун инвесторлардан 1,7 миллиард доллар йиғди, аммо SEC'нинг талабига биноан платформанинг ишга туширилиши қолдирилди. Америкалик регулятор Телеграм криптовалютасини қимматли қоғозлар деб ҳисоблаган ва компаниянинг молиявий ҳолати, унинг бизнеси, менежменти ва хатарлари тўғрисида маълумотни ошкор қилмагани учун эмиссияни тайёрлаш пайтида компания қонунни бузганлигини кўрсатган.

Ушбу масала бўйича суд жараёни олти ойдан кўпроқ давом этди, аммо охирида Дуров ўзининг криптолойиҳаси ёпилишини эълон қилди. Телеграм жамоаси инвесторларни инвестиция қилинган маблағларнинг 72 фоизини қайтариб олишга ёки 2021 йил 30 апрелда кутиб туришга ва сармоялар ҳажмининг 110 фоизини олишга таклиф қилди. Шу билан бирга, америкалик сармоядорлар танловсиз қолишди - улар инвестиция қилинган маблағларнинг фақат 72 фоизини қайтариб олишлари мумкин эди.