Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер дунёда WhatsApp'дан кейин иккинчи ўринни эгаллаганини маълум қилди. Шу билан бирга, етакчидан фарқ йил сайин қисқариб бораётганини таъкидлаган.
"Охирги 5 йил ичида Telegram Facebook Messenger'дан ўзиб кетди ва энг машҳур булутли хабарлар иловасига айланди. Телеграм энди WhatsApp'дан кейин иккинчи ўринда туради ва ҳар йили бу фарқни қисқартиради. Рақобатчиларимиз ташвишланса ажабмас", дея ёзди Дуров
Глобал статистик маълумотларга кўра, WhatsApp'нинг хабар алмашишдаги улуши ҳозирда 44 фоизни, Telegram'нинг улуши эса 31 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Facebook мессенжери ҳам 21 фоиз билан рўйхатнинг юқори қисмида.
Шунингдек 2022 йилда Telegram энг кўп Ҳиндистон (70,48 миллион), Россия (24,15 миллион), АҚШ (20,03 миллион), Индонезия (19,61 миллион) ва Бразилияда (18,04 миллион) юклаб олинган.
Ўзбекистонда ҳам платформа юклаб олишлар бўйича энг оммабоплар қаторига киради: сўнгги рейтингга кўра, у iOS эгалари орасида иккинчи, Андроид фойдаланувчилари орасида учинчи ўринни эгаллаган.