Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Телевидениеда юз берган фантастик мажлис” (Хаёлий ҳикоя)
9.02.2019 15:06,  
44

Муаллиф сўзбошиси:

2016 йилнинг ёзи эди... Мамлакат ҳаётида бироз ўтиб юз берган ўзгаришлар ҳали олдинда эди. Хаёлимга бир фантастик манзара келди. Уни қоғозга тушира бошладим. Мазкур манзара, аслида, кўнгил тубида ўрнашган бир орзу эди, “қачонлардир юз беради” – деган орзу. Бир кун келиб, телевидениемиз ислоҳ бўлади, зулматга эмас, одамларга хизмат қилади, деган орзу. Мана ўша хаёлий воқеа.

(биринчи қисм)

Икки минг нечанчидир йилнинг қайсидир куни. Мамлакат телевидениесининг катта мажлислар зали. Одам лиқ тўла.

Зални тўлдирган телевидение ходимлари уч-тўрт киши бўлиб олиб, ниманидир берилиб муҳокама қилишяпти. Ғала-ғовур.

Зал узра эса булутга ўхшаган нарса ҳавода муаллақ осилиб турипти...

Аммо телевидение ходимларининг кўзига бу ажойибот кўринмайди. Чунки у юзаки қараганда кўринмайдиган нарса. Фақат синчков кўз яхшилаб боқсагина бу булутсимон нарсани илғаб, зиёдасига унинг ичида қандайдир юнгли-шохли-думли маҳлуқча нимадандир безовта бўлиб, булутнинг ичида у ёқдан-бу ёққа юраётганини кўра олади.

Залнинг каттакон – “парадний” эшиги гумбурлаб очилди!

Турли товушларни чиқариш ила овора бўлиб турган оғизлар ўша ондаёқ қотди, бошлар эса очиқ оғизлар билан бирга эшик томон бурилди. Эшикдан маросимона кийинган бир киши шамолдай учиб кирди ва тўғри минбар томон парвоз қилди. Минбарга етгани заҳоти микрофонни астойдил ушлаб, “келяптилар!” – деб шивирлади.

Ҳа, бу кун телевидение учун оламшумул кун! Тунов кунигина сайланган янги президент Мамлакат телевидениесининг бош қароргоҳига ташриф буюрди! Телевидениечиларни шу топда қийнаган иккита савол – нега бунча шошилинч ташриф ва нега айнан... телевидение!?

Сукунат...

Ўша, гумбурлаб очилган эшик томондан яна қадам товуши эшитилди.

Ҳали оғизларини ёпишга улгурмаган телевидениечилар ҳаммалари бирваракайига бошларини яна катта эшик томон буришди.

Эшикдан бус-бутунича қора кийинган иккита қоматли ўғлон кириб, ўта чаққон ҳаракат ила эшикнинг икки тарафига туриб олиб қотиб қолди. Эшикдан... янги сайланган президент кириб келди!

Аҳли телевидениенинг шу онда бутун вужуди кўзларга айланди. Зеро телевидение қароргоҳида тўшалган қизил гилам узра сузиб келаётган яп-янги президент манзараси ақлларни батамом маҳв этган эди-ю, манзаранинг сир-синоатини илғашга ақллар эмас – кўзлар сафарбар этилганди гўё.

Аммо, бу ҳашаматли залда юз бераётган манзарани қаттиқ қизиқиш ила кузатаётган бошқа кўзлар ҳам бор эди. Ўша, телевидениечилар кўзига кўринмайдиган, тепада осилиб турган булут ичидаги юнгли махлуқ, сичқонни пойлаётган мушук каби чўнқайиб олиб, ўта диққат ила ҳолатни кузатар эди. Унинг кўзларида саросима ва яна нималарнингдир қоришмаси жойланган бўлиб, қизил гиламдан юриб келаётган бу шахснинг ташрифи уни негадир хавотирга солган эди.

Янги президентнинг мажлислар зали катта эшигидан то минбаргача босиб ўтган йўли телевидениечилар учун негадир ўта чўзилди. Вақтнинг ўтиши ўзгача тус олиб, бу оралиқда ҳар бир телевидениечи бутун яшаб ўтган умрини кўз олдида, ранглари билан, тезлаштирилган кинодек яққол кўрди. Жуда аввал мияларининг чуқур захирасига жўнатилган хотиралар ва ҳатто аллақачон ўчиб йўқ бўлиб кетган болалик хотиралари ҳам қаердандир қор кўчкиси каби қуйилиб келиб, онглари ва қалбларига бостириб кирди. Биринчи бор дунёга кўз очиб боққан онлари ва ҳатто она қорнида тотган ҳисларини эслашгача иш етиб борди! “Вой дод – бу нима кўргилик!?”

Минбарга чиққан Президент, ҳали янги бўлгани учунми, микрофонни текширмоқчи бўлиб уни нақ тумшуғига чертди. Шу онда аҳли телевидение ўтган умрлари бўйлаб қилаётган сафарларидан Мамлакат телевидениесининг катта мажлислар саройига қайтишди.

Президент, томоғини қириб олиб, сўз бошлади:

–Ҳурматли телевидение ходимлари, муҳтарам ижодкорлар! Азизлар! Менинг бу ташрифим сизларни бироз таажжублантирган бўлса, ажабмас. Аммо, ишонтириб айтаманки, бу шошилинч ташрифимнинг боиси бор. Мен бугун сизларга баландпарвоз гапларни гапириш учун келмадим. Аниқ ва содда гапларим бор сизларга.

Ўйлайманки, ҳар бирингиз ўта муҳим, ўта аҳамиятли жабҳада фаолият юритаётганингизни жуда яхши тушунасиз. Аммо мен бугун сизнинг бу даргоҳингиз... нима десам экан... яна ҳам ўзгача, янада ўзига хос даргоҳ эканлигини айтмоқчиман. Мавҳум гапдан аниқ гап ва далилга ўтаман. Мана қаранг, мен сизларга воқеликнинг манзараларини чизиб бераман, сизлар эса уларни тасаввур этинг, яхшилаб тасаввур этинг. Мана битта манзара – бозор. Ҳаммангиз бозорларимизда нималар бўлаётганини биласиз, шундайми?

Бундай гаплардан гангиб қолган телевидение ходимларидан бирортаси ҳам “шундай!”, дейишни эплолмаганидан, жимлик ҳавода осилиб қолди. Булут ичидаги махлуқ эса “бозор” сўзи янграган лаҳзада бир силкиниб тушди. Бу сўз у учун негадир ўта қадрдон ва ўта аҳамиятли эди.

–Шундайми? – қайтарди саволини Президент.

–Шундай! – жавоб қилди иккита телевидениечи.

–Азизлар! Ҳа, бозорларда нималар бўлиб ётганини ҳаммамиз биламиз! Аммо мен бугун ўзимга, сиз азизларга, барчага бир савол ила мурожаат этмоқчиман: бундай ҳолатга индамасдан қараб туриб бўладими? Бу саволнинг аҳамиятини яхши англашимиз учун келинг ҳозир кўз олдимизга бозорларимиз манзарасини келтириб кўрайлик.

Бу сўзлар зал узра янграган заҳоти телевидение ходимлари билан яна нимадир содир бўлди – оқ пардага ўхшаган бир нарса, театр саҳнасини ёпганидек, кўзларини қоплади...

***

Бир лаҳза ўтар-ўтмас бу оқлик кўтарилди-ю, аммо, не ажаб-ки, манзара ҳозиргина кўриб турилганидан... бошқа эди! – на мажлислар зали, на минбар бор эди!

“Нега? Нима бўлди телевидение ходимлари билан, бошқа воқеликка ўтиб қолишдими?”– сўрайсиз албатта.

Аммо телевидениечилар ўзлари тушиб қолган ушбу янги воқеликнинг сал-пал ғира-ширалигидан ва бошқа белгиларидан унинг ҳақиқий – кўз ила тўғридан-тўғри кўрилаётган воқелик эмаслигини дарров пайқашди. Ахир, улар тасвир соҳасининг мутахассислари-да!

Ҳа, азиз ўқувчи, телевидение ходимлари ҳамон мажлислар залида эдилар. Улар кўраётган манзара эса... уларнинг тўғридан-тўғри онгларига етказилаётган... телевизион трансляция эди!

Давоми бор

(фото интернетдан)

Муҳаммад Шакур

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан