Тест жавоби: Имтиҳонлардаги очиқ нотенглик ҳақида

Бугун Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинди. Одатда, бу айримлар учун қувончли бошқалар учун қайғули кун бўларди. Бу сафар Тошкент Юридик университети, Дипломатия университети ва яна бир неча ОТМларда тест жавоблари таажжубли бўлди десак адашмаймиз.

Тошкент Юридик Университетига кирган талабаларнинг дастлабки 50 тасидан 48 нафари ҳарбий имтиёз учун қўшимча берилган балл эвазига ўқишга кирган. Ўз кучи билан, ҳар бир фандан 35-36 та  саволга тўғри жавоб берган абитуриентлар эса, рўйхатнинг 45-48 ўринларига, тўлов-контракт гуруҳига тўғри келган.

Дипломатия университети Европа гуруҳида рус тилидан бор йўғи 11та саволга тўғри жавоб бериб 25тасига нотўғри жавоб берган талаба тепадан учинчи қаторни эгаллаб, бюджетга кирган. Саволларнинг 33-36 тасига тўғри жавоб берган талаба эса рўйхатнинг пастки қаторларидан жой олган.   

Ўз-ўзидан савол туғилади, шунча одамни овора қилиб, тест синови ўтказишдан мақсад нима эди ўзи? Ҳамма ўрин ҳарбий имтиёзи борларга берилса, қобилиятли ёшлар ҳаётнинг биринчи зинапоясидан ўта олмаса, келажак нима бўлади?

Ҳар доим ҳам имтиёзлар бўлган, лекин улар истисно тариқасида 5-10 фоиз талабаларга берилган. Имтиёзлар – истисно эмас қоидага айланиб қолиши олий таълим тизимини ўзгартириб юборади.

Бундан буён институтга кириш учун абитуриентлар армияга борадиган бўлади. Ўқиш жараёнидан бир йил узилиш бўлади ва оқибатда улардан на яхши аскар на яхши талаба чиқади.

Ҳаммаси майли эдику-я, бир неча йил давомида ўқиб тайёрланган, ўз билими билан 97 фоиз  саволга тўғри жавоб берган абитуриентларга нисбатан ушбу ҳолат ноҳақлик бўлди.

Бизга олий маълумотли қизлар керак эмасми?

Бугун ривожланган мамлакатларда эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенг эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Ўзбекистон ҳам замонга мос равишда ривожланиш йўлидан бориб аёлларга кундан кунга кўпроқ имконият очиб берилмоқда.

Ҳарбий хизмат имтиёзлари фақат ўғил болаларга берилади. Демак фақат ўғил болалар ўқишга киришда бундай имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Қизларчи? Улар қаерда “хизмат” қилсин? Бизга олий маълумотли қизлар керак эмасми? Уларнинг конституцион ҳуқуқларининг поймол бўлаётгани-чи? 

Олий таълим тизимими ёки пул ишлаш тизими?

Очиқ маълумотларда айтилишига кўра, Ўзбекистонда йилдан-йилга бюджет асосида қабул қилинадиган талабалар сони камайиб тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинаётганлар сони ортиб бормоқда. Бир томондан бу яхши албатта – давлат бюджети тежаб қолинади, ОТМлар ҳам ўзини-ўзи боқиши мумкин бўлади. Лекин шундай тизим эвазига бир минглаб қобилиятли, лекин контрактга тўлаш учун пули етмаётган ёшларни бой бериб қўймаймизми? 

Олий таълим нимага бепул бўлиши керак  

Бепул олий таълим тизими аслида нима учун керак?

Худо инсоннинг чўнтагига қараб ақл ёки талант бермайди. Камбағал, ўқишга  пули етмайдиган киши ҳам ўткир ақл ва зўр қобилият билан туғилиши мумкин. Бепул таълим тизимининг вазифаси эса эса, пули ёки имтиёзига қарамасдан, ҳар соҳада қобилиятли кишиларни танлаб олиб, уларга жамиятда ўз ўрнини топишга ёрдам беришдир. Қобилиятли ёшлар ўз ўрнини топганидан сўнг, узлари яратган янгиликлари ва ихтиролари билан давлат ва жамиятни олға етаклайди.

Яқинда Ўзбекистон  давлат бюджетига маблағлар қаердан келиб қаерга кетаётгани ҳақида маълумотлар эълон қилинган эди. У ерда айтилишига кўра Давлат бюджетининг энг катта қисми —  маориф тизими учун сарфланар экан. Хўш, шундай экан, нима сабабдан Ўзбекистон олий таълим масканларида ҳар бир факультетда бор йўғи 3-5-10 тадан бюджет ўринлари мавжуд?

Ушбу вазият американинг хусусий олийгоҳларидаги ўрин беришга ўхшайди. У ерда ҳар бир факультетда фақат 1ёки 2 нафар талабага бепул ўқиш имкони берилади. Қолганлар пул тўлаб ўқийди, лекин улар хусусий ташкилот! Уларнинг асосий мақсади даромад олиш. Ўзбекистонда эса ОТМлар давлатга қарашли-ку?!

Ривожланиш сири нимада?

Жавоб: Ҳар соҳада қобилиятли инсонларни топиб, уларни жой-жойига қўйиб чиқишда!

Ҳар бир инсон туғилганда Оллоҳ Таолло унга маълум бир хусусият, қобилият беради. Ривожланган мамлакатларда инсон ўсиб улғайганидан сўнг ўз қобилиятларини керакли жойда самарали ишлатиш учун имконият бор, бошқа жойларда эса буни амалга ошириш мураккаб ёки мутлақ иложи йўқ. 

Айнан шу сабабли барча янги ихтиролар, энг замонавий технологиялар, маҳсулотлар АҚШ, Европа ёки Осиёнинг ривожланган мамлакатларида яратилмоқда. Чунки у ерда қобилиятли инженерлар, олимлар ўз жойларида ўз касби билан шуғулланиши учун имконият ва шароит яратилган.

Таълим тизимининг энг асосий вазифаси – қобилиятли ёшларини танлаб олиб, уларни ўз соҳаларининг етук мутахассислари қилиб тайёрлаш. Ушбу нуқтаи назардан қаралганда, бугунги тест синови натижалари талабга жавоб берадими?