Тест синовлари якунланди: 63 мингдан ортиқ абитуриент келмади, 1200 га яқини эса тестдан четлаштирилди

Тест синовлари якунланди: 63 мингдан ортиқ абитуриент келмади, 1200 га яқини эса тестдан четлаштирилди

Фото: ЎзА

Тест синовлари 2 сентябрдан бошланди ва кунига 2 марта, ҳаво салқин пайтда ўтказилди. Бу ҳақда ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов АОКАда ўтказилаётган брифингда маълум қилди.

Бунда, тест синовлари биринчи сменада 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи сменада 17:00 дан 20:00 гача бўлиб ўтди.

Тест синовлари Фарғона вилоятида 10 кунда (11 сентябрь  куни), Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида 11 кунда (12 -сентябрь куни), Қорақалпоғистон Республикаси, Aндижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 12 кунда (13 сентябрь куни) якунланди.

Тест синовларида бир сменада 1975 та гуруҳда 59 250 нафар абитуриент, бир кунда 3950 та гуруҳда 118 500 нафар абитуриент иштирок этиши учун тайёргарлик кўрилди.

Жараёнга гуруҳ назоратчиси сифатида 3 705 нафар педагог ходимлар жалб этилди.

Тест синовларида иштирок этиши белгиланган 1 млн 304 минг 194 нафар абитуриентдан 1 млн 240 минг 614 нафари (95,1 %) иштирок этди.

Ўзбекистон бўйлаб илк марта стадионларда кириш имтиҳонлари бошланди (фото)

63 минг 580 нафари эса (4,9 %) турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмади.

Жами 1 187 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилди. Шундан 548 нафари ҳудудга киришда, 639 нафари эса тест синови жараёнида аниқланган.

Жумладан, ҳудудга киришда (энг кўп кузатилган):

  • - 367 нафар абитуриент телефон олиб киришга урингани; 
  • - 48 нафари шпаргалка олиб киришга урингани;
  • - 118 нафари ўринга ўрин киришга ҳаракат қилгани;
  • - 10 нафари ҳужжат сохталаштиргани учун.

Тест синови жараёнида (энг кўп кузатилган):

  • - 491 нафар абитуриент телефондан фойдалангани;
  • - 68 нафари шпаргалкадан фойдалангани;
  • - 27 нафари ўринга ўрин киргани учун тест синовларидан четлатилди.

Қолган абитуриентлар калькулятор олиб киришга уринганлиги, шахси тасдиқланмаганлиги, ўзаро гаплашганлиги, тест материалларини алмаштиргани, тест материалларини олиб чиқишга уринганлиги каби турли сабаблар билан тест синовларидан четлатилган.