TikTok эгаси ижтимоий тармоқни Microsoft’га сотишдан бош тортди

TikTok эгаси ижтимоий тармоқни Microsoft’га сотишдан бош тортди

Microsoft компанияси Хитойнинг ByteDance ширкати TikTok ижтимоий тармоғининг Америка сегментини сотишдан бош тортганлигини маълум қилди.

“Бугун ByteDance бизга TikTok хизматининг АҚШдаги бизнесини Microsoft’га сотмаслигини айтди. Ишончимиз комилки, бизнинг таклифимиз TikTok фойдаланувчиларини қониқтиради ва [АҚШ] миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилади”, - дейилади Microsoft баёнотида.

Reuters ва Associated Press манбаларига кўра, ByteDance TikTok’нинг АҚШ сегментини Oracle’га сотишни режалаштирмоқда. Илгари у ижтимоий тармоқни сотиб олишга даъвогарлардан бири сифатида кўрилган (иккинчиси Microsoft эди).

Август ойи бошида Microsoft TikTok бизнесининг бир қисмини, шу жумладан Қўшма Штатлардаги улушини сотиб олишни режалаштираётганини эълон қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп битимни 15 сентябргача амалга оширишни талаб қилди, акс ҳолда TikTok АҚШда блокланади.

Кўп ўтмай Трамп АҚШ фуқароларини ByteDance билан, шунингдек Хитойнинг WeChat мессенжерига эгалик қилувчи компания билан битим тузишни тақиқловчи иккита фармонни имзолади. Фармонлар 20 сентябрдан кучга киради.

АҚШ ҳукумати TikTok ўз фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларни Хитой расмийларига ўтказиши мумкин деб даъво қилмоқда. Видеохостинг эса буни рад этади.

 

Мавзуга доир: АҚШдаги муаммоларига қарамай, TikTok энг кўп юклаб олинган илова бўлиб қолмоқда