Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тил билмаганга неча танга?
6.10.2019 09:49,  
1131

Кўп сўрашади: Америкада тил билмаганга қандай ишлар бор? Умуман инглизчани билмасдан борса бўлаверадими? Тилни билмай туриб ҳам яхши пул топса бўладими?

Шу бир-икки ой ичида Америкага кўчиб келиш арафасидагилар эмас, қачондир имкон пайдо бўлса бормоқчи бўлган, энди Грин карта лотереясига қатнашмоқчи бўлиб турган ёки бўлмаса топшириб қўйиб, жавоби чиқишини кутиб юрганлар томонидан берилади кўпинча бу саволлар.

Менга ҳар доим шу ёндошув қизиқ туюлади.

Ҳаётида катта ўзгаришлар олдида турган инсон... У ҳаддан ташқари кескин бурилишларга тайёр. Ўзи туғилиб ўсган, умрининг катта бир қисмини яшаб қўйган маҳалласи/вилояти/юртидан узоқлаб, унга мутлақо ўхшамас ўлкаларда ҳаётининг маълум қисмини ўтказишга аҳд қилган. Яқинларидан йироқда яшашга журъат топа олган. Оғайнилари билан ҳар ойда бир бўладиган чойхоналарни, қариндош-уруғидаги тўй-маросимларни ўтказиб юборишга ўзини ҳозирлаган. Муқаррар соғинчни бўйнига олган.

Аммо шунча қурбонликларга тайёр инсон етарлича вақт ва имконият бўлатуриб, оз-моз бўлса ҳам тил ўрганиб олиш вариантини кўриб чиқмаслиги ажаблантиради. Ҳайратга солади.

Ҳозир масалан 2021 йилда Америкага келиш учун Грин карта лотереяси ўйналяпти ва унга қатнашмоқчи бўлганлар "тилсиз нима қилса бўлади" қабилидаги саволлар беришяпти. Энг камида бир йил мухлати бор. Жавоблар чиққанидан кейин тил ўргана бошлаган инсонда ҳам бир йилча вақт бўлади. Янги тилни нолдан ўзлаштира бошлаган инсон эркин суҳбаталаша оладиган даражага чиқиши учун ҳам етарли муддат аслида бу. Лекин бунга вақт ажратиш, ҳафсала қилиш варианти кўпчилик томонидан кўриб ҳам чиқилмайди. Жуда қизиқ ҳолат.

Ҳа, тил билмай ҳам Америкада яшаш, ишлаш мумкин. Пул топиб, уйдагиларга ёрдам берса бўлади инглизчани билмай ҳам. Ўзбеклар кўп жойга, айтайлик, Бруклин шаҳридаги "ўзбек маҳалла"лардан бирига кўчиб келса бўлади. Ўзимизникиларга хизмат кўрсатадиган бирор идорадан иш топиш ёки телефонга Юбер ўрнатиб олиб, такси қилса ҳам бўлади. "Чойхона №1"да тушликни қилиб, "Тошкент" савдо марказидан уйга бозорлик қилиш, уйга бориб "Зўр ТВ"ни ёқиб, "Божалар коммюнити" томоша қилиб, дам олса ҳам бўлаверади. Кун ва Дарё орқали рўмол ва соқол масаласи нима бўлаётганидан, ҳокимлар тушурган навбатдаги қовунлар ҳақида хабардор бўлиб тураверасиз. Америкада эканлигингиз ҳам сезилмай кетади...

Шундоқ экан, тил ўрганишнинг нима кераги бор?!

Биласизми, юқорида имкониятдек санаганларим, аслида - чегаралар. Тил ўрганишдан бош тортиш орқали ўзингиз учун яратиб олганингиз - чекловлар булар.

Энди сиз фақат ўзбекча ёки русча гаплашадиган жамият бор бўлган шаҳаргагина борасиз. Улкан ҳудуд, турлича иқлим ва турфа табиатга эга мамлакатнинг исталган бурчагида яшаш имкониятингизни чеклайсиз. Саноқли иш ўринларидангина умидворсиз, танишларингиз таклиф қиладиган ишлар билангина ўзингизни чегаралайсиз.

Топганингиз ишдан, у сизга ёқса-ёқмаса ажрала олмайсиз. Мамлакат бўйлаб мавжуд юз минглаб иш ўринларидан бири учун талабгор бўлмайсиз. Турли курсларда ўқиб, бирор ҳунар ўрганиш варианти ўз-ўзидан йўқолади. Олий таълимда ўз мутахассислигингиз бўйича ўқиб, ишлаш масаласи-да имконсиз бўлади. Ўз бизнесингизни бошлаш ҳақида ҳам тил ўрганишга ҳафсала қилмай туриб, ўйлай олмайсиз, албатта. Сизга ҳеч ким қўймаган чегараларни тил ўрганишдан бош тортиш орқали ўзингиз қўйиб оласиз...

Мен, масалан, тилни билмай қандай ишлар қилса бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволлардан кўра, қандай қилиб уни тезроқ ўрганиш мумкинлиги ҳақида саволлар одамларни кўпроқ қизиқтиришини хоҳлайман.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан