Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тилимиз – бойлигимиз
12.10.2019 13:27,  
17892

Ҳар бир миллатнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк бойлиги бор. Бу ҳам бўлса унинг тили. Айнан тил одамларни бир миллатга мансуб халқ сифатида бирлаштиради. Тил - ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси, халқни - халқ, миллатни - миллат қиладиган рамзлардан бири асрлар оша аждоддан-авлодга бевосита мерос бўлиб етиб келадиган ўзаро муомала воситасидир. Мамлакатимизда 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши истиқлолимиз сари қўйилган дадил қадамлардан бири сифатида тарихга муҳрланган эди. Айни пайтда она тилимизга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага кўтарилиб, унинг бой хазинасини қайта тиклаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётир.

Биз одатда ҳар йили 21 октябрь – Тил байрами куни она тилимиз ҳақида гапириб уни нишонлашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ, тилимиз софлиги учун ҳар куни ҳушёр бўлишимиз тақозо этилади. Илгари Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган, бир-бирига бутунлай зид ва қарама-қарши фикрларни олға сурган, шунинг ҳисобидан ўзига обрў топиш, одамларни ортидан эргаштиришга уринган кишилар кўп бўлган. Шунинг ҳисобига тилимизга эътибор сусайган. Нега деганда, ўша вақтлар тил билан боғлиқ муаммолар орқали миллий туйғуларни рўкач қилиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш мумкин эди... Аммо биз улар кутган йўлдан бормадик. Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона йўлни топишга уриндик ва куни келиб истиқлолга эришдик.

Бугунги кунда биз барча меъёрий ҳужжатларни она тилимизда юритиб ўқув қўлланмалар, адабиётларни она тилида ўқимоқдамиз. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда яшаб келаётган мустақил юртимизда уларнинг миллий маданияти, урф-одати, жумладан, она тилига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатида бўлишга катта эътибор бериляпти.

Тилга қиёс берар экан, бобокалонимиз Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида шундай деган:

Айтиб совумас таронасен сен,
Олиб қурумас хизонасен сен.

Бу мисраларнинг маъноси шуки, тил ишлатган сари ва сарфлаган сайин янада бойиб, сайқалланиб борадиган неъмат. Тил - миллатнинг тарихи, бугуни ҳамда келажагидир. Тилнинг энг асосий манбаи - сўз. Бироқ шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масъулиятли муносабатда бўлмаса, сўзларни нотўғри талаффуз қилса, ўз она тили, луғати сўзга бой бўла туриб, нутқида бошқа миллат тилидан кириб келган сўзларни ишлатса, мумтоз сўзлар маънолари изоҳланмаса, бора-бора бу тил унутилиши, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам қадим-қадимдан олимлар луғатлар тузиб келажак авлодларга етказишга ҳаракат қилишган.

Тил меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо бу меъёрлар ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, ривожланиб, такомиллашиб боради. Она тилида гапирганда унинг меъёр ва қоидаларига риоя қилиш талаб этилади. Тилимизда илмий тил, адабий тил, шева, лаҳжа ва бошқа тушунчалар мавжуд. Маърузалар, тадбирлар, кино ва театр саҳналари ҳаммага тушунарли бўлган адабий тилда бўлиши, унга шева қўшмасдан гапириш тил меъёрларига киради. Айрим ўзбек кинофильмларидаги қаҳрамонларнинг шевага хос нутқи ғашимизни келтиради, баъзан жамоат жойлари, жамоат транспортда ёшларнинг русча, инглизча сўзларни қўшиб-қориб ўзаро гаплашганида она тилимизга бўлган эътиборсизлик ҳолатларни кўриб ачиниб кетамиз. Ҳатто кўпгина, савдо ходимлари, ҳайдовчи ва чипта сотувчилар ҳам аксарият ҳолларда шевада гапиради. Бугунги кунда шундай мулоқот шакли бироз эриш туюлади. Чунки автобусларга фақат шаҳарлик ёки қишлоқликлар эмас, олис ва яқиндан келган меҳмонлар, ўзбек тилини адабий тил доирасида ўрганган хорижликлар ҳам йўловчи сифатида чиқиши мумкин. Бундан ташқари, кўчаларда, пештахталарда, автобус бекатларида имло хатолар билан ёзилган эълон ва рекламаларнинг йиллаб тўғриланмаслигидан ҳам оғринамиз. Уларни ўз вақтида огоҳлантириш, танбеҳ беришга эса истиҳола қиламиз. Бизнинг бу эътиборсизлигимиз оқибатида тилимиз азият чекади, қадрсизланади.

Жамиятимиз тараққиёт пиллапояларидан кўтарилган сайин она тилимиз янги сўз ва атамалар билан бойиб бормоқда. 1981 йили чоп этилган икки жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 60 минг сўз изоҳланган эди. 2006-2008 йилларда нашр қилинган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса 80 мингдан ортиқ сўз бор. Бу луғатлар орасида 20 минг сўз фарқ қилади. Бунга сабаб шуки, янги нашр биринчи луғатга киритилмай қолган сўзлар ва тилимизга янги кириб келган сўзлар ҳисобига бойитилган.

Аҳлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатиш, ҳам муомала маданияти қоидаларига зиддир. Масалан, “минут”-дақиқа, “секунд”-сония, “за то” – аммо, лекин, бироқ... Ўзбек тили шу қадар бой тилки, унда ўзга тиллардаги бир сўзнинг бир нечта синоним таржималари бор. Мисол учун: “лицо”– юз, чеҳра, ораз, ранг, афт, ангор, бет, башара ва ҳоказо... Олимларнинг тадқиқотларига қараганда, рус тилидаги “карандаш” сўзи “қора тош”, “караул” сўзи “қоровул” сўзларидан келиб чиққан. Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Кўчиб кирувчи сўзлар тўплами айрим ҳолларда “интернационал сўзлар” сифатида хас-пўшланади. Бунга “бизнес”, “маркет”, “мини”, “супер”, “менежер”, “вип”, “лидер”, “аудио”, “видео”, “аут”, “интер”, “сервис” каби бир қанча сўзлар мисол бўлади. “Оргтехника”, “канцелярия” ва буларга боғлиқ воситалар, жиҳозлар номланиши ҳам шундайлигича қабул қилинган. Айниқса, компьютер соҳасидаги иборалар хорижий номлари билан аталиши давом этиб келмоқда (масалан: файл, сайт, корзина, ссылка, гиперссылка, сноска, домен, сетевое окружение, слайд, спам, булутус ва ҳоказо). Биз бу сўзларнинг иложи борича ўзбекча муқобилини топишимиз керак, албатта.

Ҳақиқатан, миллатнинг қиёфаси унинг тил бойлиги билан намоён бўлади. Бир замонлар дунёга тил борасида ҳам ҳукмронлик қилган бизнинг маданиятимиз юксак ривожланган давлатлар тараққиёти ва глобаллашувга “ютилиб” кетмаслиги учун ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Айниқса, банк тизимига жуда кўп халқаро атамалар билан биргаликда хорижий сўзлар истеъмолга кириб улгурди. Буларнинг барини она тилимиздаги сўзларга ўзгартириш лозим демоқчи эмасмиз. Бунинг иложи ҳам йўқ. Халқаро атамалар албатта халқаро муомалада керак бўлади. Бироқ, халқаро бўлмаган, ўзгартирилиши лозим бўлган хорижий сўзларнинг она тилимиздаги муқобилини қўллаш фойдадан холи эмас. Бу тилимиз софлиги йўлида энг мақбул иш бўлар эди.

Тан олиб айтишимиз керакки, бугунги кунда сўзлашувимизда хорижий, асосан рус тилидаги ибораларни қўллаш учраб туради. Бу, албатта, миллий тилимизга сал эътиборсизлик натижасидир. “Вопше”, “окей”, “неужели”, “так што”, “ну”, “пака”, “пастоянно”, “давай”, “низашто”, “тема” “какраз”, “так”, “даже”, “нармални” каби бир қанча қурама сўзлар сўзлашув тилимизга кириб келганки, ҳатто уларни ўша тил асосида ҳам юқорида келтирилгандек шаклда қўллаб, тўғри талаффуз ҳам қилмайдиганлар бор. Афсуски, тилга эътиборсиз кимсалар томонидан мулоқотда шевага хос сўзларни, мавҳум от, сифат ва феълни ишлатиш, яъни “анақа”, “нақа”, “шно” каби товушларни қўллаш ҳам урчиб қолган.

Шу ўринда автобус бекатлари номини ҳам миллий ва ўзбек тилида номлашни ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади. Тошкент шаҳрида баъзан, нафақат йўловчилар, балки ҳайдовчиларнинг ўзи ҳам бекат номларини нотўғри талқин қилиш ҳолларига гувоҳ бўламиз. Мисол учун “Ц 1”, “Алайский”, “Фархадский” ёки “Детский мир” деган иборалар қаердан пайдо бўляпти. Агар йўловчилар бекат номини нотўғри талқин қилса ҳайдовчилар тўғри талаффуз қилиб ибрат бўладиган вақтга етиб келмадикми?! Мана, мисол учун метро бекатлари ранг-баранг. Қолаверса, асл номини ҳам топиб қўйилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил 16 июндаги қарори билан шаҳримизнинг айрим метро бекатлари номилари тартибга келтирилди. Ушбу қарорга асосан метронинг Ҳамза бекати номи — Новза, Ҳабиб Абдуллаев бекати — Шаҳристон, Чкалов бекати – Дўстлик деб номланди. Новза — жойнинг тарихий номи ҳисобланади. Қадимда бу жойдан ўтадиган Бўзсув канали ирмоғига тўғон қурилиб, баландликдаги бўш ётган ерларда боғ-роғлар яратилиб, экинзор далаларга нов (тўғон) орқали сув чиқарилган. Шу муносабат билан шу жой ва унинг яқин-атрофидаги ерлар ва маҳалла “Новза”, яъни нов орқали сув чиқарилиб обод қилинган жой деб аталади. Айни пайтда Чилонзор туманида жойлашган ушбу ҳудудда шу номдаги маҳалла, кўча, бекат, савдо мажмуаси ва масжид бор. Шундай экан, биз нега автобус бекатларини шундай гўзал номлар бериб безатмаймиз?!

Шунингдек турли соҳада хорижий сўзларни кенг қўллаш кузатилаётир. Бу эса она тилимиздаги кўп сўзларнинг истеъмолдан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Хусусан, банк тизимида “филиал”, “ставка”, “сигмент”, “виза карта”, “акция”, “инвестиция”, “биткоин”, “криптовалюта”, “актив”, “сбербанк”, “риск”, “кредит”, “микрокредит”, “дисконт”, “ликвидлилик”, “пластик карта” каби сўзларни иложи борича ўзбекча муқобилини ишлатсак тилимиз софлигига ҳисса қўшган бўламиз.

Тил – миллат кўзгусидир. Унда халқимизнинг асрлар силсиласидан, мустабидлик тўфонларидан сабр-матонат билан босиб ўтган ҳаёт йўли, маданияти, тарихи, савияси, ақл-заковати акс этади. Қадимги аждодларимиз зардуштийларнинг китоби “Авесто”да тўртта унсур – сув, тупроқ, олов ва ҳаво муқаддас саналган. Мен булар сирасига бешинчи қилиб тилни ҳам киритган бўлардим. Тилимизни ҳам инсон учун муҳим омил, азиз ва қадрли унсурлар қатори муқаддас билиб, покиза ва озода сақлаш, луғатимиз кўрки бўлган “Ватан”, “Она”, “Китоб”, “Мустақиллик” каби сўзлар моҳиятини чуқур англаш, миллий қадриятларимиз ҳамда тил бойлигимизни бор бутунлигича келажак авлодларга етказиб бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан