“Тинч инфаркт”ни қандай аниқлаш мумкин? Уни пайқамаслик ҳам мумкинми?

“Тинч инфаркт”ни қандай аниқлаш мумкин? Уни пайқамаслик ҳам мумкинми?

Кўкракда қаттиқ оғриқ туриши, қон босимининг ўта тез кўтарилиши, нафас олиш йўлларида тўсатдан хуруж пайдо бўлиши. Биз инфарктнинг белгиларини тахминан шундай тасаввур қиламиз ва одатда айнан шу каби бўлади.

Бу ўринда бошқа белгиларни ҳам санаш мумкин: қўл ёки бўйинда санчадиган оғриқ пайдо бўлиши, бош айланиши, меъёрдан ортиқ терлаш.

Аммо хуруж юқоридаги одатий белгиларсиз юз берса, ҳатто беморнинг ўзи ҳам буни билмаса, унда инфаркт қандай содир бўлган?

Ҳарвард университетида ўтказилган тадқиқотларга кўра бундай ҳолатлар ҳам тез-тез бўлиб туради. Ўткир юрак хуружи ҳолатларининг қарийб ярми (45%и) мана шундай, “тинч” ёки “кўринмас” инфарктга (SMI - silent myocardial infarction) тўғри келиб, бу кўпроқ эркакларда кузатилади.

“Бундай инфарктнинг белгилари заиф бўлиб, узоқ давом этмайди. Шунинг учун кўпчилик бундай белигларни одатий чарчоқ ёки унча жиддй бўлмаган муаммо сифатида қабул қилади”, деб тушунтиради Ҳарвард университети клиникаси профессори Жорж Плацки.

Хавотирга сабаб бўладиган белгилар:

– юрак қафаси марказида оғриқ ҳис этиш, бу оғриқ бир неча дақиқада ўтиб кетмаслиги, ёки тезда ўтиб кетиб, яна қайтадан бошланса;

– тананинг юқори қисмида умумий ноқулайликни ҳис этиш, бир ёки ҳар икки қўлда, кўкракда, қоринда, бўйинда ёқимсиз нарсаларни сезиш;

– кўкракда ёқимсиз ҳисларни сезишдан олдин ёки кейин нафас олишнинг қийинлашиши;

– тўсатдан совуқ тер босиши, бош айланиши ёки кўнгил айниш.

Эркаклар алоҳида хавотир гуруҳида

Шифокорлар 45 ёшдан 84 ёшгача оралиқдаги, юрак-қон томир тизимида касаллик бўлмаган деярли 2 000 нафар эркак ва аёлни кўрикдан ўтказишди. Орадан яна 10 йил ўтиб, айни тадқиқотда қатнашганларнинг юраги қайтадан текшириб кўрилди.

Шунда улардан 8%ининг юрагида яралар борлиги аниқланган. Бу айни шу инсонлар миокард инфарктини ўтказиб юборганини англатади. Аммо уларнинг 78%и бу хуружни ҳатто билмаган ҳам.

Тадқиқот натижаларига кўра эркаклар “тинч инфаркт”ни аёлларга нисбатан беш марта кўпроқ ўтказиб юбориши аниқланган.

Айни тадқиқот хулосаларига кўра, SMI’ни келтириб чиқарадиган омиллар оддий инфарктники билан деярли бир хил: чекиш, ортиқча вазн, жисмоний ҳаракат камлиги, юқори қон босими, холестерин ва қанд моддасининг меъёрдан ортиб кетиши.

“Тинч инфаркт” оқибатида юрак ёмонроқ ишлай бошлайди, унда яралар пайдо бўлади. Бу хуружни ўтказган кўпчилик беморлар дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат этмаслигини ҳисобга олсак, уларда кейинги, жиддийроқ хуруж қайталаниш хавфи юқори бўлади”, дейди Жорж Плацки.

Баъзида эркакларда ўтказиб юборилган инфаркт хуруждан бир неча ҳафта, ҳатто бир неча ой ўтиб, одатий тиббий кўрик пайтида, ёки мунтазам чарчаш, доимий нафас қисиши, юракнинг ўта тез уриши каби ҳолатлардан шикоят қилиб касалхонага мурожаат этилганида юзага чиқади.

Бундай ҳолатда шифокорга SMI ташхисини қўйиш қийин эмас – бунинг учун оддий кардиограмма ёки юракни ултратовушли текшириш кифоя қилади. Бу касалликни аниқлашнинг яна бир оддий йўли – қонда махсус оқсил (Т тропонин) борлигини аниқлаш учун таҳлил ўтказиш: агар юрак мушак ҳужайралари зарарланган бўлса, айни оқсил қонга тушади.