ТИВ Қозоғистон чегарасидан ўтказиб қўйишни таклиф қилаётганларга ишонмасликка чақирди

ТИВ Қозоғистон чегарасидан ўтказиб қўйишни таклиф қилаётганларга ишонмасликка чақирди

Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида карантин режимининг енгиллаштирилганлиги муносабати билан фуқароларимиз Ўзбекистон ҳудудига ўтиш мақсадида “Жибек Жоли” – “Ғишт Кўприк” назорат-ўтказиш пунктига келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси чегара ва санитар-эпидемиологик хизматларининг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида ҳамюртларимизни мамлакатимиз ҳудудига карантин чораларига амал қилган ҳолда ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктига келаётган Ўзбекистон фуқароларини маълум тўлов эвазига давлатлараро чегарани кесиб ўтишда кўмаклашишни таклиф қилувчи турли шахсларга мурожаат қилмасликка чақирди.

Одатдаги тартибда фаолият кўрсатаётган “Жибек Жоли” – “Ғишт Кўприк” назорат-ўтказиш пунктида ҳозирда Олмаотадаги Бош консулхонанинг ходими ишламоқда ҳамда фуқароларимизга зарур консуллик-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатмоқда.