Тўдакўл ҳудудида “Ором қирғоғи” (“Leisure Coast”) пляжлари қурилади

Тўдакўл ҳудудида “Ором қирғоғи” (“Leisure Coast”) пляжлари қурилади

Туризм соҳасини жадал суръатларда тиклаш ва мамлакатдаги санитария-эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг уни ривожлантиришнинг янги йўналишларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2020 йил 19 июнь куни “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4755-сонли қарорни имзолади.

Қарор билан Ўзбекистон Президенти мамлакатга сайёҳлар ташрифи учун шароитлар яратиш, туристик ва ёндош инфратузилмани ривожлантириш мақсадида бир қатор имкониятларни яратди. Жумладан:

1. 2020 йил 1 августдан бошлаб рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилиш, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”ни тақдим этишни назарда тутувчи “Очиқ осмон” режими” “Андижон”, “Бухоро” ва “Урганч” халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади.

2. Хорижий авиакомпаниялар уларнинг тегишли ҳужжатларини текшириш натижаларига кўра, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) учиш хавфсизлиги ва авиация хавфсизлиги бўйича стандартларига мувофиқ бўлиши шарти билан ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар “Очиқ осмон” режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар.

3. “Очиқ осмон” режими жорий этилган халқаро аэропортларига қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга ставка ва йиғимлар уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган авиакомпаниялар учун белгиланган миқдорда қўлланилади.

4. “Андижон” халқаро аэропортига “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номи берилиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мамлакатнинг бошқа аэропортларига энг яхши номларни аниқлаш бўйича оммавий танловни эълон қилиш топширилди.

5. Aйдар-Aрнасой кўллар тизими ҳамда Тўдакўл кўл ҳудудида туристик инфратузилма мажмуасини яратиш ва ривожлантириш учун янги “Ором қирғоғи” (“Leisure Coast”) туристик зонасида сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш топширилди.

6. Маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда Зомин туманида умуммавсумий, қишки ва ёзги дам олиш масканларини ташкил этиш чоралари кўрилади.

7. Маданий мерос объектлари ҳудудларида белгиланмаган жойларда чиқинди ташлаганлик учун жарималарни ошириш, электр таъминотига “яшил” технологияларни жорий қилиш, чиқиндини утилизация қилиш, сув ресурсларидан унумли фойдаланишни назарда тутувчи “Clean&Eco” лойиҳаларини амалга оширилади.

8. Хорижий мамлакатлар фуқароларига кўрсатиладиган тиббий хизматларни тизимлаштириш ва турларини кенгайтиришни назарда тутувчи “Uzbekistan – hope and healing land” (“Ўзбекистон – умидли ва шифобахш замин”) тиббий туризм дастури ишлаб чиқилади.

9. 2021 йил 1 январдан бошлаб “Ғишткўприк” (Тошкент вилояти) ва “Ҳайратон” (Сурхондарё вилояти) халқаро назорат-ўтказиш пунктларида мавжуд инфратузилма доирасида чегарадан тезкор ўтиш механизмлари – “Fast track” хизмати жорий қилинади.

Бунда:

автотранспорт воситаларида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг навбатдан ташқари паспорт ва божхона назорати жараёнларини тезлаштирган тартибда амалга ошириш учун алоҳида йўлак;

жисмоний шахсларнинг дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун шарт-шароитлар, шу жумладан оналар ва болалар хоналари, овқатланиш шаҳобчалари ҳамда тижорат банклари филиалларини ташкил қилиш ва валюта айирбошлаш учун банкоматлар ўрнатган ҳолда “VIP” заллар;

“Fast track” хизмати пуллик асосда, шу жумладан, чегарани кесиб ўтишдан олдин 90 кун мобайнида олдиндан тўлов қилиш ёки мобиль иловалар орқали тўлаш имкониятини яратган ҳолда амалга оширилади.

10. Хорижий мамкалатларнинг ижобий тажрибаси асосида туристик зоналарига автотранспорт воситалари (жамоат ва махсус транспортлар, шунингдек, туристик зоналар ҳудудида яшовчи аҳолининг автотранспорт воситаларидан ташқари) билан кириш учун йиғим ундириш механизмини жорий қилинади.