Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тоғли Қорабоғ низосидан ўрганадиганларимиз бор: Озарбайжондан ҳам, Арманистондан ҳам
29.10.2020 09:00,  
970

Японияда яшаб шу нарсага амин бўлдим: дунёдаги воқеа-ҳодисаларни японларчалик тез ва кенг ўрганиб, ўз давлати ва миллати учун ундан ўрнаклар (implications) олишни қойиллатадиган миллат кам ҳисобланади. Ишонинг, хатто Аргентинада бир масала кўтарилса ҳам ундан Японияга, япон миллатига ва иқтисодиётига қандай таъсир бўлиши мумкинлигини албатта ўша соҳанинг мутахассисини эфирга чиқариб, тезда сўрашади ва китоблар ёзиб ташлашади. Бизда эса асосан юртимиз атрофидаги масалагагина йўналиб, дунё ҳодисаларининг бизга бўлган таъсири ёки бизга берадиган дарсларини ўз вақтида ўзлаштиришни унутиб қўямиз, гўё.

Энди эса мавзуга қайтсак: Тоғли Қорабоғ низоси бизга нимани ўргатади? Авваламбор, юртимизнинг ташқи дипломатияси ўз ўзанини олдинги йўлдан ўзгартиргани йўқ: яқинда Ташқи Ишлар вазирлигидан чиққан баёнотда ҳам, Озарбайжондаги элчимиз ҳам таъкидлаганидек, биз халқаро ҳуқуқдаги давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлик принципини устувор ҳисоблаймиз. Яъни, Тоғли Қорабоғ ҳудуди – Озарбайжонга тегишли бўлиб, Арманистон қўшинлари у ерни халқаро ҳуқуққа зид равишда ишғол этиб турибди. Бундан хулоса чиқадики, юртимиз бундан кейин ҳам ноқонуний тарзда сепаратист ҳаракатларни қўллаб-қувватламайди ва ўз навбатида ўзининг ҳудудига нисбатан ҳам ҳудудий яхлитлик принципини қатъий даво қилиб, уни ҳимоя қилади.

Бундан ташқари, яна нималарни ўргансак бўлади? Икки нарсани, бири давлат учун, иккинчиси миллат учун. Бирини Озарбайжондан, иккинчисини Арманистондан ўрганишимиз лозим.

Давлат учун ўрганадиганимиз пилотсиз учар қурилма - дронларнинг янги замон урушларида ниҳоятда муҳим роль ўйнашни бошлаганидир. Озарбайжон армиясининг халқаро ҳуқуққа хилоф тарзда ишғол этилган ўз ҳудудларини Арманистондан қайтариб олишида Туркия давлати томонидан тақдим этилган дронларнинг таъсири аниқ билинди. Қувонарлиси шундаки, бу воқеалар ривожи давомида 2020 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирлари ўртасида ҳарбий техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди. Гарчи, битим моддалари ҳали очиқланмаган бўлсада, дронларнинг Ўзбекистон армияси учун сотиб олиниши эҳтимоли етарлича мавжуд.  

Энди Арманистондан миллатимиз учун нимани ўрганишимиз мумкин? Аслида, энг қизиғи шундаки, Озарбайжон давлатининг Каспий денгизига қўшнилиги, ер ости бойликларининг мўллиги, иқтисодий жиҳатдан кучлилигига қарамай, деярли душманлари томонидан қамал ҳолатда яшайдиган Арманистондан ҳалигача ўз ҳудудини тортиб ололмаётганлигидир. Албатта, бунда ташқи ва ички омилларни етарлича рўкач қилиш мумкин бўлсада, кўздан осон қочадиган муҳим бир жиҳат мавжудлигини инкор этиб болмайди: у ҳам бўлса чет эллардаги, айниқса ривожланган Ғарб ва Россиядаги арман диаспораларининг ўз ватанлари учун ғамҳўрликларидир.

Масалан, АҚШ, Австралия, Франция ва Россия каби давлатларда арманларнинг жуда кучли лобби гуруҳлари бор. Улар ўша давлатлар сиёсатига, илм-фан соҳасига ва иқтисодига жуда яхши сингиб ўрнашишган. Ҳатто, Франциядек давлатни Туркияга қарши 1-жаҳон урушида даврида гўёки арманларга қарши Усмонлиларнинг геноцид уюштирганини ҳам тан олдиришгача боришди. Буни ҳатто АҚШ ҳам қўллаб-қувватлади. Кўрганингиздек, хориждаги арман диаспораси шу даражада кучли. Озарбайжоннинг эса бундай ташқи диаспораси борлигини ҳатто билмаймиз ҳам. Балки бу ҳолат Арманистоннинг қадимдаги урушларида миллатнинг турли томонга тарқалгани ва иқтисодий қийналганлиги учун кучли миграция факти билан боғлашимиз мумкин. Лекин шундай бўлсада, ҳалигача дунё афкор оммаси кўз ўнггида халқаро ҳуқуқнинг энг мўътабар қоидаларига зид равишда бошқа давлат ҳудудини эгаллаб тургани турлича рад этиш ва ҳатто янги ҳудудларни талаб қилишгача етиб бориш ортида ташқи арман диаспорасининг жуда кучли ўрни бор.

Хўш, биз бундан нимани ўрганамиз: хорижда яхши ўрнашган ватандошлар гуруҳлари ватан ва миллат учун керак пайтда жуда яхши мадад бўла олишини тушунишимиз керак. Шу пайтгача юртимиздан ташқарига миграция давом этиб келди. Кейинги 3-4 йилда ҳатто тезлашди ҳам. Грин карта ўйнашда, Россия, Жанубий Кореяга ишлашга кетишда, Японияга ўқишга келишда ҳали ҳам минтақада етакчимиз. Аммо, кўпчилигимиз паспортни ўзгартириб, чет ўлканинг фуаролигини олишни ҳали ҳам она ватанга хиёнат деб ўйлаймиз.

Аслида ундай эмас! Ва арманлар бунинг акси эканлигини амалда исботлашди. Ҳозирда Москвадан тортиб Парижгача, Лондондан тортиб Лас Вегасгача бўлган барча йирик шаҳарларда арман диаспоралари (ўзларининг талқинларидаги) қадимий ватанларини ҳимоя қилиш учун пул йиғишмоқда, яшаб турган кучли давлатлар сиёсатига тасир қилишмоқда ва ҳатто кучли университетлардаги арман профессорлари ҳам қонуний ҳаракат қилаётган Озарбайжонга қарши ахборот урушига қўшилмоқда.

Тушунаман, олдинги сиёсат даврида кўпчилигимиз фуқароликни ўзгартиришни ёки уни ўзгартирганимизни эълон қилишдан, билдиришдан чўчирдик. Чунки, чўчитилгандик. Аммо ҳозир ундай эмас. Янги ҳукумат чет элдаги ватандошлар – Ўзбекистон фуқаролари эмас – Ўзбекистонни ватаним дейдиган барча инсонлар билан яқиндан ва конструктив мулоқотни бошлади. Бу жуда яхши сиёсатдир. Энди эса агар биз хорижда яшаб турган жойлар бизга ёқса, у ерда узоқ қолишни ўйласак, қўрқмай ўша давлатларларга жойлашишимиз, фуқаролигини олишимиз, тижорат ва илм билан шуғулланишимиз ва ҳатто сиёсатига қадар қўрқмай киришимиз лозим. Борган жойимизни тилини, тарихини, маданиятини ўрганайлик, фарзандларимизга ўргатайлик, солиқлардан қочмасдан тўлайлик. Маҳаллий тадбирларда қатнашайлик, ҳайрия акцияларидан қолмайлик, натижада маҳаллий аҳолида яхши таассурот қолдирайлик. Юртимиз номига бундан ортиқ инвестиция кам топилади. 

Токи юртимизга бирор нарса бўлганда, ўзбекнинг, Ўзбекистонликнинг ҳайқириғи дунёнинг куч бурчаклари ҳисобланган Вашингтондан, Париждан, Мадриддан, Токиодан, Москвадан ва хатто Брюсселдан янграсин. Ўзбекистонни 448.000 кв км деб тушуниш уни дунёдан узиб қўйишни, дунё сиёсатини тушунмасликни англатади. Ваҳоланки, бутун дунёдан туриб ўйлаш вақти келди. Балки, бу йўлда икки ёки кўп фуқаролик тизимини жорий этиш ҳам бир ечимдир, ким билсин. Лекин, "иқтисодий дипломатия"ни ташқи дипломатиянинг устувор йўналиши сифатида белгилаган бугунги Ўззбекистон давлати учун дунё бозорларига кира олиш, маҳсулот ва хизмат кўрсатишнинг глобал қиймат занжирига (global value chain) қўшилиш учун ҳам ватандошларимизнинг турли давлатларнинг ширкат ва муассасаларида фаолият юритишлари бўлмаса бўлмас ҳолатдир. Унинг самарасини чет эллардаги фирмаларда ишлаётган ватандошларимизнинг (фуқаролиги ўша давлатники бўлса ҳам) давлатимиз элчихоналари учун бераётган самимий ёрдамларидан осонгина билиб олса бўлади. Чунки, маҳсулот ишлаб чиқарилсада, унга бозор топиб, маркетинг қила олишнинг қийинлигини, ҳатто давлат бошлиғи ҳам бир неча баробар таъкидлади.

Шундай экан, Қорабоғнинг бизга ўргатадигани – хорижда ўрнашишдан чўчимаслик, у ердаги жамиятга ўз миллатимиз маданиятини сақлаган ҳолда уйғунлаша олиш ва биз турган хориж давлати ва она ватанимиз ўртасида чиройли кўприк бўла олиш – мана шудир. Чунки, чамадон кайфиятда туриш орқали биз турган давлат ва унинг жамиятини ўрганишимиз ҳам, у ерга ўзимизнинг ижобий ҳиссамизни қўшишимиз ҳам кечикади. Натижада келажакда юртимиз учун ҳам (бироз пул топишдан бошқа) кўп иш қилишга ярамаймиз.

Нотўғри тушунилмасин: ‘brain-drain’ дея номланмиш ақлли кадрларимизнинг четга чиқишига ундаш эмас бу. Шундоқ ҳам давом этаётган ва аллақачон оҳирги 30 йилда юз бериб улгурган бир неча миллионлик миграция оқимидан тўғри фойдаланайлик қилайлик деган чақириқ, холос.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан