Тожикистон Амударёда яна битта ГЕС қуришни режалаштиряпти

Тожикистон Амударёда яна битта ГЕС қуришни режалаштиряпти

Тожикистондаги Нурек ГЭСи. Фото: ritmeurasia.org

Тожикистон Амударёнинг бошланиши Вахш дарёсида навбатдаги гидроэлектростанциясини – Шўроб ГЭСини қуриш учун техник-иқтисодий асос (ТИА) ишлаб чиқишни бошлади. Бу ҳақда мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлигига таяниб Asia-plus нашри хабар беради.

Қайд этилишича, параллел равишда ушбу иншоотни қуриш учун маблағ йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Шўроб ГЭСини қуриш учун тахминан 1 миллиард доллар керак бўлади.

Шўроб ГЭСининг тахминий қуввати 862 МВт бўлган техник-иқтисодий асосларини тайёрлашни консалтинг компанияси иштирокида мамлакатдаги энг йирик компания Тожикистон алюминий компанияси (ТАЛКО) ўз зиммасига олган.

Шунингдек, ушбу ишларнинг тарғиботи Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги, шунингдек Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

"Шўроб ГЭСининг қурилиши ТАЛКОни ўз электр энергияси билан таъминлаш ва уни узлуксиз қабул қилиш учун қулай шароит яратади", дейилади ТАЛКО компаниясининг 2019-2024 йилларда ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Ҳаракат дастурида.

Шўроб ГЭСи Душанбедан 110 километр шарқда, Роғун ва Нурек ГЕСлари орасидаги Вахш дарёсида қурилади.

ГЭС Вахш дарёсидаги тўққизта ГЭСдан иборат каскадлар саккизинчи босқичига айланади, улардан еттитаси тўлиқ қурилган (Нурек, Байпазин, Сангтўда-1, Сангтўда-2, Асосий (Головная), Дифференциал (Перепадная) ва Марказий (Централная)), Роғун ГЕС қурилиши эса давом этмоқда.

Шўроб ГЕСининг қуввати 862,5 МВт - 1 минг МВт, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати - 3,2 миллиард кВт соатни ташкил этади. Тўғоннинг тахминий баландлиги 83 метрни, сув омборининг ҳажми 77 миллион кубометрни ташкил қилади.