Тожикистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Тожикистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото: Sputnik.tj

Бугун, 1 март Тожикистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида овоз бериш жараёни тонгги 6 дан бошланди ва кечки 8 гача давом этади.

Мамлакатда жами 4,9 млндан кўпроқ сайловчилар бор. Улар 3412 та сайлов участкаларида Мажлиси Намояндагон – парламент қуйи палатаси депутатлари учун овоз беришади. 39 та сайлов участкаси республика ташқарисида ташкил қилинган.

63 депутатлик ўрни учун 241 номзод кураш олиб бормоқда. Номзодлардан 48 нафари аёл киши.

Сайловда мамлакатнинг расман рўйхатдан ўтган еттита партияси қатнашмоқда: Аграр партия (13 номзод), Социалистик партия (5 номзод), Халқ демократик партияси (26 номзод), Иқтисодий ислоҳотлар партияси (7 номзод), Демократик партия (4 номзод), Социал-демократик партия (5 номзод), Коммунистик партия (5 номзод).

Сайловни турли халқаро ташкилотлардан келган 230 нафардан ортиқ халқаро кузатувчилар кузатмоқда. Бундан ташқари, сайловни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 250 дан ортиқ вакиллари ёритиб борадилар.

Тожикистон республикаси қонунчилигига биноан, агар сайловларда 50 фоиз плюс битта сайловчи қатнашса, у ҳақиқий деб ҳисобланади. Сайловнинг дастлабки натижалари душанба куни эрталаб эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон парламенти (Мажлиси Олий) икки палатали.