Тожикистонга навбатдаги партия ёрдам юборилди

Тожикистонга навбатдаги партия ёрдам юборилди

Ўзбекистон Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамининг навбатдаги партиясини юборди. Бу сафарги 24 тоннадан иборат юк, асосан, дори-дармонлар ва антибиотиклардан иборат, деб ёзмоқда "Азия-Плюс" нашри. 

Нашрнинг Душанбе шаҳридаги манбаси юклар шаҳар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя бошқармасига етказиб берилганини хабар қилди. 

Манбанинг сўзларига кўра, шаҳар ҳокими Рустам Эмомали тегишли шаҳар тузилмаларига коронавирус билан касалланганларни даволаш учун олинган дори-дармонларни мақсадга мувофиқ ишлатилишини қатъий назорат қилишни буюрган.

Тожикистонга жўнатилган дори-дармонлар "Samarkand England Eco-Medical" МЧЖ ўзбек-британ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган.