«Толибон билан музокара: ваҳимага ўрин йўқ»

«Толибон билан музокара: ваҳимага ўрин йўқ»

Сўнгги кунларда Тошкентда Толибон вакиллари билан кечган мулоқотга турли хил муносабатлар билдирилмоқда. Буни ёқлаётганлар ҳам, Толибон гуруҳидан эҳтиёт бўлишга чақираётганлар ҳам бор. Қуйида диний блогер Ҳасан Ал-Муқрий мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Юртимизга “Толибон” ҳаракати вакиллари келиб, музокаралар олиб борилаётганидан кўпчилик ваҳимага тушяпти. Аслида бу ишга бош бўлиб турган мутасаддиларимиз бу борада бошқалардан кўра ҳассос ва эҳтиёткор бўлиши табиий. Ваҳима қилишга ҳожат йўқ, асл ҳолат кўпчилик ўйлагандан бошқача. Қолаверса, қўшнинг тинч, сен тинч, дегандек, Афғонистондаги барқарорликдан биз ва бошқа кўп мамлакат манфаатдор. 

Кўпчилик кишилар Толибон ҳақида ОАВ шу пайтгача берган хабарлар орқали билади. Аслида воқелик умуман бошқа. Толибон ҳаракати ерлик талабалар уюшмасидан бошланган, улар ҳақиқий халқ вакиллари, ватанпарвар инсонлар, четдан келганлар эмас. “Афғон халқи ўз тақдирини ўзи ҳал қилишга ҳақли”, деган даъво остида Толибонлар билан музокаралар ўтказилиши ҳам шу асосдан келиб чиққан. Улар тарафкаш кучлар, хилма‑хил партияларнинг ўйинларида жабр кўраётган халқни ҳимоя қилиш учун чиққан талабалардан ташкил топган. “Толибон”, яъни “талабалар” деб номланиши шундан. Улар фиқҳда ҳанафий, ақидада мотуридий, тасаввуфда кўпроқ нақшбандий сулукида. Халқ уларнинг ҳукмронлигини истайди, чунки улар ўз фарзандлари ва 70% ёки ундан кўп ҳудуд уларнинг тасарруфида. Улар хусусида билмасдан, ташқи кучлар тарқатган гаплар билан хулоса чиқармаслик керак. Ваҳима қиладиган нарса йўқ, улар аслида биз билан қардош халқ. Ҳазрат Навоий ҳам ҳозирги шу Афғонистон диёридан бўлган. Сиймолари ўша боболаримизни эслатади аслида. 

Толибонларнинг энг катта "айб"и айримлар билан келишмаган, халқига хиёнат қилмаган. Шунинг учун улар учун ҳамма йўлни беркитиб, ўзларини бадном қилишга уриниб келишган. Кўп ёмон ишлар уларнинг номидан қилинган ҳам. Бугун ҳукуматимиз шу ҳақиқатларни билганидан аввалгидан бошқача йўл тутмоқда. 

Бир неча йил олдин “Ал‑Жазира” телеканали Афғонистонда афюн етиштирилиши ҳақида статистик маълумот берган. Унда айтилишича, Толибонлар афюнни ман қилиб, далаларга ўт қўйиб, унга қарши қаттиқ курашиб келган экан. Уларнинг бошқаруви остида афюн етиштириладиган ерлар 90‒95% га қисқарган. Аммо Америка босқинидан кейин афюн экиладиган ерлар Толибонлардан олдинги даврга нисбатан ҳам бир неча баробарга кўпайиб, 90% га чиққан ва йилдан йилга кўпайиб борган. Ўшанда ушбу хабарни кўриб ҳайрон ҳам бўлган эдим.

Айтиш мумкинки, уларнинг ютқазувлари асосан ҳозирги дунё сиёсатида устамон эмаслик, ахборот урушидаги мағлубият ва кўпчилик мусулмонлар қатори замонавий илмларда оқсоқлик каби омилларга боғлиқдир. Қолаверса, бугун куч ва кўп воситалар уларнинг душманлари қўлида бўлиб, ОАВ орқали қилинган изчил ташвиқотлар натижасида уларнинг номи ва сиймоси омма онгида ёмон тасаввур уйғотадиган ҳолатга олиб келинишига эришилганини ҳам унутмаслик керак.

Ўзимиз ҳам Толибонлар ҳақида кўп нарса билмас эдик, кўпчилик қатори салбий фикрда эдик. Мисрда ва Туркияда афғонистонлик талабалар билан кўришиб қолиб, қизиқиб сўрасам, воқелик умуман бошқача экан, биз билган гаплар тескари ташвиқотлардан бошқа нарса эмас экан. Бу ҳақда яна анча гаплар айтиш мумкин. Аллоҳ насиб қилиб, ҳақиқат қарор топиб, жафокаш афғон халқи ҳам дунё халқлари қатори ўз қаддини ростлаб олса, яна кўп нарсалар равшанлашса керак. Уларнинг ҳолидан айланиб, чин маънодаги адолат, тинчлик қарор топиши учун ҳаракат қилаётган юртдошларимизга ташккурлар бўлсин!