Россиянинг Томск вилояти Аcинск туманига қарашли Причулимск аҳоли манзилгоҳида содир бўлган ёнғинда 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.
“Маҳаллий вақт билан соат 11:05 даги (Тошкент вақти билан 9:05) ҳолатга кўра ўн бир кишининг жасади топилди. Ўлганларнинг шахси аниқлаштирилмоқда”, дейилади хабарда.
Ёнғинни ўчиришга Россия ФВВ томонидан 6 та техника ва 19 ўт ўчирувчи жалб қилинган.
Олдинроқ ёнғинда 10 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси ўзбекистонликлар бўлиб, улар шу аҳоли манзилгоҳидаги ёғоч ишлаб чиқариш заводида ишлаб келган. Меҳнат муҳожирлари истиқомат қиладиган бир қаватли ёғочдан ишланган бинода маҳаллий вақт билан 04:05 да ёнғин бошланган, олов жами 208 квадрат метр майдонни қамраб олган. Ёнғин пайтида бинода 12 киши бўлгани айтиляпти.