"Тошкент-2" халқаро терминали ва ички қатновлар учун мўлжалланган "Тошкент-3" терминалининг автотураргоҳлари, шунингдек, пойтахт аэропорти ҳудудига туташ жойлардаги автотураргоҳлар Uzbekistan Airports балансига ўтказилади.
Айтилишича, ушбу ҳудудларнинг ўтказилиши автотураргоҳларни автоматлаштириш, аэровокзал олдидаги ҳудудларни қайтадан қулай лойиҳалаштириш, йўловчиларни кутиб олувчилар ва кузатувчилар учун кўпроқ қулайликлар яратиш ҳамда ўз ечимини кутаётган такси хизмати билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш имконини беради.
Хусусан, автотураргоҳларда тўхташ жойи учун тўловни инсон омилисиз амалга ошириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Uzbekistan Airports автотураргоҳларнинг жойлашуви ва улардан фойдаланиш давомийлигини (соат, сутка) ҳисобга олган ҳолда мослашувчан тариф тизимини ишлаб чиқмоқда.