“Тошкент-Чимён” автомобиль йўлида автобус жарликка қулаб тушди

“Тошкент-Чимён” автомобиль йўлида автобус жарликка қулаб тушди

Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати Чимёнда туристик автобуснинг йўлдан чиқиб кетиши ҳодисаси юзасидан ахборот берди.

Хабарда ёзилишича, 22 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида соат тахминан 15:30 ларда ҳайдовчи У.А Тошкент шаҳар ”EASY GO TRANS” МЧЖга тегишли бўлган “GOLDEN DRAGON” русумли, давлат рақам белгиси 01039 NEA бўлган автобусида Ҳиндистон давлатининг 20 нафар туристлари билан “Тошкент-Чимён” автомобиль йўлининг 81 км.да йўлнинг ўнг четидаги автотранспортлар тураргоҳида тўхтаган.

“Ўз навбатида, мазкур автобус шу вақтда ҳайдовчисиз ва йўловчиларсиз бўлган. Узатмалар қутиси нейтрал ҳолатда турган вақтида, ўз-ўзидан қўзғалиб кетиши натижасида ҳайдовчисиз ҳаракатланиб бориб, тахминан 30-40 метрлар юриб, қатнов йўлининг ўнг томонидаги пастликка тахминан 10 метрлар тушиб тўхтаб қолган”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Фақат автобус техник шикастланган бўлиб, қисқа муддатларда автобусни чиқариш чоралари кўрилган.