Тошкент ерусти ҳалқа метросининг «Дўстлик-2» бекати яқинида ҳосил бўлган дарча тўғрисида маълумот берилди

Тошкент ерусти ҳалқа метросининг «Дўстлик-2» бекати яқинида ҳосил бўлган дарча тўғрисида маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги ерусти метросининг бетон плитасида дарча ҳосил бўлгани ҳақида видео тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган йўналишнинг 4-бекатида ҳосил бўлган ушбу дарча тўғрисида маълумот берди.

Маълум қилинишича, метронинг 4-бекатида қурувчилар томонидан 24 февраль, чоршанба куни тунги соат 00:00 дан кейин, яъни метро поездлари ҳаракати тўхтатилгандан сўнг кабель ўтказиш кўпригини қуриш учун махсус ускуна ёрдамида лойиҳа ҳужжатларига асосан бетоннинг бир қисми очилган.

Метро эстакадаси остидан ҳаракатланувчи пиёдалар ва автомобиллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тунги пайтда ишлар ташкил қилиниб, қурилиш меъёр ва қоидалари асосида амалга оширилмоқда ва мутахассислар томонидан назоратга олинган.

Таъкидланишича, кабель ўтказиш кўприги қурилиши эстакада мустаҳкамлигига зарар етказмайди. Махсус дарча очиш ишлари якунлангандан сўнг йўлдаги чиқиндилар тозаланган.