Тошкент метросининг “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасида 6 та бекат қуриб битказилди

Тошкент метросининг “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасида 6 та бекат қуриб битказилди

Фото: railway.uz

Пойтахтимизда қурилаётган ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасида қурилиш ишлари жадал суратларда давом эттирилмоқда. 2019 йилнинг август ойида Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасидаги “Дўстлик-2” ҳамда 2-бекатларида қурилиш ишлари тугатилди. Оралиқ йўналишида 2 минг 303 метрлик янги релслар ҳам ётқизилиб, дастлабки поездлар синов тариқасида ҳаракатланган эди.

– Маълумки, “Тошкент метрополитени” УКнинг “Дўстлик” бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган йўналиши 11 километр бўлиб, “Дўстлик-2” ҳамда 2, 3, 4, 5, 6 ҳамда Қўйлиқ бозоридаги 7-бекатлардан иборат, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Капитал қурилиш дирекцияси раҳбар ўринбосари Азиз Абдиев. – Айни пайтда “Дўстлик 2”дан Қўйлиқ мавзесигача эстакадаларнинг лойиҳада кўзда тутилган таянч устунлар, биринчи ва иккинчи поғона темир-бетон пойдеворлар, темир-бетон ригел ва балкалар тўлиқ ўрнатиб бўлинди. 2-бекатдан Янгиобод ҳудудидаги олтинчи бекатгача бўлган оралиғига янги рельслар ҳам ётқизилиб, сўнгги босқичда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда қурувчиларимиз олтинчи ҳамда Қўйлиқ бозоридаги еттинчи бекат оралиғида бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Бунинг учун 2 мингга яқин ишчи-ходим ва мутахассислар, юздан кўпроқ замонавий техникалардан фойдаланмоқда.

Фото: railway.uz

Ўтган вақт давомида соҳа ходимларининг қурилиш ишларини узлуксиз, самарали олиб бориши, замонавий қудратли техникаларнинг жалб этилиши ҳамда сифатли қурилиш маҳсулотларини ўз вақтида етказиб турилиши сабабли темирйўлчилар бугунги кунга келиб 2-, 3-, 4-, 5- ҳамда 6-бекатларида ҳам қурилиш ишларини ниҳоясига етказишди. Янги қуриб битказилган бекатларда йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Икки қаватлик бекатларнинг ҳар бирига имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифтлар ҳам ўрнатилди.

Тузел мавзесидаги 3-бекат аҳоли гавжум жойда, автомобиллар чорраҳасида жойлашган ҳудудлардан. Шу боис ушбу йўналиш фойдаланишга топширилгач, бу бекатда тушиб чиқадиган йўловчилар оқими нисбатан кўпроқ бўлади. Шуни ҳисобга олган ҳолда қурувчиларимиз янги бекатдан йўловчиларнинг хавфсиз фойдаланиши учун ҳар томонлама қулай шароитларни яратишга алоҳида аҳамият қаратишди. Икки қаватдан иборат бекатнинг биринчи қаватида ишчи-ходимлар учун маъмурий ҳамда тиббий хоналар ва касса қурилди. Йўловчилар кириб-чиқиши, махсус турникетдан ўтиши биринчи қаватда амалга оширилади. Иккинчи қават эса перрон қисми бўлиб, унинг бир томонидан йўловчиларнинг чиқиб тушишларида қулайлик бўлиши учун эскалаторлар, иккинчи томонига эса имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифт ўрнатилди. Шунингдек, зинапоя қурилди. Перрон қисми замонавий ёриткичлар билан безатилди. Йўловчиларга поездларни кутиб ўтириши учун махсус ва кўркам ўриндиқлар ўрнатилди. Бекат ичида Тошкент метрополитени харитаси, шаҳар ташқарисига чиқиш учун махсус кўрсаткич белгилари ва бошқа маълумотлар ўрнатилди.

Фото: railway.uz

Эътиборга молик яна бир жиҳат. Станцияда кўзи ожизлар учун махсус плиталар ётқизилди, яъни платформадаги плиталарида алоҳида бўрттирилган белгилар мавжуд. Бекатлар қуёш нурини кам ўтказадиган махсус композит материалларидан тайёрланган ойналар билан қопланди. Бекат атрофи ва ҳудуди ободонлаштирилиб, замонавий ёритгичлар ўрнатилди, йўлакларга узоқ муддатга чидамли кўркам брусчаткалар, мармар тошлари терилди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида Тошкент иқлимига мослаштирилган арчалар, гул кўчатлари экилди, йўловчилар учун махсус ўтиргичлар ўрнатилиб, дам оладиган кўркам ҳолатга келтирилди. Автомобиллар учун тураргоҳлар ҳам қурилди.

Таъкидлаш лозимки, эстакада кўринишидаги ушбу метро линиясини қуриш, айниқса, Янгиобод ва Қўйлиқ ҳудуди ва оралиғида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари қурувчиларимиз учун осон кечмаяпти. Айниқса, Қўйлиқ бозори ҳудудидаги автомобиль йўллари, тирбандликлар, йўналишни ердан ўтказиш, аҳолининг гавжумлиги соҳа ходимларига бир мунча қийинчилик туғдирмоқда. Бироқ темирйўлчилар бу каби қийинчиликларни мардонавор енгиб, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигига қатъий амал қилган ҳолда иш олиб боришмоқда.

Фото: railway.uz

Ушбу йўналишда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километрни ташкил этади. Ҳаракатланиш оралиқ вақти 5 дақиқадан иборат бўлиб, бекатлар 5 та вагон тўхташи учун мўлжалланган. Россия Федерациясидан мамлакатимиз метро линияларининг эстакада йўналишида ҳаракатланадиган замонавий, юқори сифатли, йўловчилар учун барча қулайликларга эга дастлабки бешта ҳаракат таркиби юртимизга келтирилди ва бугунги кунда буларнинг барчаси хизмат кўрсатиш учун техник жиҳатидан ҳар томонлама тайёргарлик (обкатка) кўрмоқда.