Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тавсия
14.01.2020 13:55,  
2372

Аввало сизни пойтахтимиз ҳокими лавозимига қайта тасдиқланганингиз билан табриклайман. Ўйлайманки, янги босқичда «коррупция ҳолатларини йўқ қилиш устида иш олиб бораман, адолатли хизмат қиламан, ҳар кунимда, ҳар соатда, ҳар дақиқада одамларнинг фаровон ва рози ҳаёт кечиришлари, уларнинг ижтимоий-сиёсий муаммоларини ҳал этишга эътибор бераман», деган ваъдаларингизнинг устидан чиқасиз.

Чунки шу вақтгача, ҳақиқатдан ҳам, жуда кўп иш қилинди. Минглаб оилалар янги уйларга кўчиб ўтди, юзлаб, минглаб майда-чуйда ижтимоий-маиший муаммолар ҳал қилинди. Шу билан бирга, айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Навбатдаги муддатда бу хатолар оқибатларини бартараф этиш ва янгиларига йўл қўймаслик чораларини кўришингизга ишонаман.

Бунга қўшимча равишда, бўлғуси жамоатчилик билан алоқалар ва реклама соҳаси мутахассиси сифатида бир қанча тавсияларимни билдирмоқчиман.

Тўғри, ҳозирда сиз ҳақингизда салбий фикрлар ва қарашлар, танқидий мақола ва чиқишлар жуда кўп. Жамоатчилик босими иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатишини охирги чиқишингизда айтиб ўтдингиз ҳам. Аммо сиз танқид ва салбий муносабатларга тўғри ва табиий ёндашишингиз керак. Салбий характердаги ахборотлар иш самарадорлигини пасайтириши эмас, балки аксинча, хато ва камчиликларни тўғрилаш учун имконият сифатида қабул қилиниши керак. Буни Система назарияси мисолида асослаб берсам.

Системар назариясига (System theory) кўра, ҳар бир система (сизнинг мисолингизда - ҳокимият) очиқ бўлиши ва ташқи муҳит билан доимий равишда қайта алоқани (feedback) сақлаб туриши керак. Очиқ системаларда қайта алоқанинг икки тури бўлади, улар: ижобий ва салбий қайта алоқа.

Салбий қайта алоқада система ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга қай даражада эришганига доир муҳим ахборотларни қўлга киритади. Яъни, салбий қайта алоқа системанинг қай даражада тўғри ишлаётганини ташқаридан келаётган салбий ахборотлар, танқидлар орқали билиш ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун керакли тадбирларни амалга оширишга имкон яратади.

Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, «негатив фидбэк» фаол бўлган жамоатлар (public) томонидан билдирилиши керак. Сиз хафа бўлаётган ОАВ эса айнан фаол жамоатлардан ҳисобланади ва журналистлар томонидан айтилаётган танқидлар, тарқатилаётган салбий ахборотлар аслида аксарият ҳолатларда ўзининг сифатлилиги, ҳақиқатга мослиги билан ажралиб туради.

Ижобий қайта алоқада («позитив фидбэк») эса системада тўғри ишлаётгани ҳақида хулосалар уйғотади ва шу ҳолатда ишлашда давом этиш кераклиги тушунилади. Яъни, «демак биз тўғри ишлаяпмиз ва шундай ишлашда давом этамиз», деган хулосага олиб келади. Бу эса вақт ўтиши билан системанинг қулашига (атрофия) олиб келиши мумкин. Албатта, атрофия бирданига кўзга ташланмайди, узоқ вақт давомида, аста-секинлик билан юзага келади.

Шу сабабли, яна бир бор таъкидлаш керакки, салбий фикрлар ва танқидларга тўғри ва табиий ҳолат деб қараш, уларга совуққонлик билан (эътиборсизлик билан эмас) ёндашиш лозим. Улардан тўғри хулосалар чиқариш ҳамда кўрсатилган хато ва камчиликларни бартараф этишга киришиш керак.

ОАВдаги салбий ахборотлар, танқидларга сабаб бўлган муаммо, илмий тил билан айтганда инқироз, бу – аслида имконият, қулай фурсатдир. Бу имкониятдан фойдаланиб, ташкилот (система) обрўсини ошириш, салбий қарашларни ижобийга айлантириб қўйиш мумкин. Бироқ бу – бутунлай бошқа мавзу.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан