Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёрдам пуллари ўзини қийналиб қолган деб ҳисоблаганларга эмас, «темир дафтар»даги оилалар тарқатилганини маълум қилди
1.08.2020 17:39,  
816

Аввалроқ, ҳукумат коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус фармойиш чиқаргани, унга кўра ҳудудларда эҳтиёжманд оилаларга икки кун ичида бир миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули берилиши ҳақида хабар берган эдик.

Фармонга кўра, Тошкент шаҳридаги муҳтож оилаларга жами 25 миллиард сўм тарқатилиши кўзда тутилган эди.

1 августга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда Сергели тумани «Humo» маҳалласида юзага келган можароли ҳолатнинг видеолари тарқалди.

 

 

Унда, жумладан, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари маҳалла маъмуриятини давлат томонидан ажратилган нақд пул кўринишидаги моддий ёрдамни тарқатишда адолат ва шаффофлик мезонларига риоя қилмаганликда айблаётганини кўриш мумкин.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев изоҳ берди.

"Вазирлар Маҳкамасининг 29 июль куни чиқарган фармойишига асосан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарларига икки кун муддатда ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон «Саховат ва кўмак» фонди орқали ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Тошкент шаҳрига 25 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу 25 миллиард сўм 30 ва 31 июль кунлари моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, халқ тили билан айтганда «темир дафтар»га киритилган оилаларга тарқатиб берилди. Таъкидлаш жоиз, маҳаллалардаги моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари ҳар бир сектор назоратга олган «темир дафтар»ларга киритилган.

Афсуски, тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада ўтказилмагани, оммавий ахборот воситаларида бу масалани кенг ёрита олмаганимиз сабабли, фуқаролар орасида «ушбу моддий ёрдам ўзини қийналиб қолган деб ҳисоблаган барчага тарқатилади», деган тасаввур пайдо бўлган.

«Темир дафтар»лар — моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари шаффофлигини таъминлаш учун saxovat.argos.uz тизими ишга туширилган. Айнан мана шу тизимга киритилган муҳтож оилаларга кўмак пуллари тарқатилди. Бошқа масалалар бўйича туман ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари фуқаролар қабулини ўтказиб, кимга берилади, ким қандай муҳтож эканлиги тўғрисида амалий ишлар олиб бормоқда.

«Саховат ва кўмак» фонди орқали «темир дафтар»ларга киритилган оилаларга ёрдам кўрсатилади. Тошкентда «темир дафтар»га киритилган 20 841 оила рўйхати ўзгариб туради. Туман ҳокимликлари, сектор раҳбарларига рўйхатни доимий янгилаб бориш бўйича топшириқ берилган. Бу, айниқса, карантин чекловлари кучайган, кўпчилик ишсиз, ёнида маблағи қолмаган ҳозирги пайтда жуда муҳим" - Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан