Тошкент шаҳарида энг кўп қарздорлик қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда

Тошкент шаҳарида энг кўп қарздорлик қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ қарзини ундиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Sof.uz'га хабар берди.

Хусусан, пойтахтда солиқ қарздорлигини қисқартириш бўйича ўтказилган тадбирлар давомида 1560 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 21 миллиард сўм, 3 минг 250 нафар фуқаронинг 1,7 миллиард сўм солиқ қарзи ундирилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда энг кўп қарздорлик қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 12 минг 765 та қарздор корхонанинг 487,6 миллиард сўмдан зиёд солиқ қарзи ундирилган бўлса, шундан 174,8 миллиард сўми айнан қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мисол учун, пойтахтнинг Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган «Кўприкқурилишбутлаш» корхонаси раҳбарларининг лоқайдлиги сабаб тўпланиб қолган 1,2 миллиард сўмлик солиқ қарзи мажбурий ундирувга қаратилиб, суд қарори асосида ундирилди.

Худди шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида рўйхатдан ўтган «Тошкент иссиқлик маркази» давлат унитар корхонасининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарзи ойлар давомида тўпланиб қолди.

Туман давлат солиқ инспекциясининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, солиқ қарздорлиги бартараф этилмади. Пировардида 3,2 миллиард сўмлик қарздорлик корхонанинг дебиторлари ҳисобидан инкассо топшириқномаси асосида ундириб олинди.