Тошкент ва Андижон вилоятларида гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келган шахслар ушланди

Тошкент ва Андижон вилоятларида гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келган шахслар ушланди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Жорий йилнинг 22 апрель куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, тадбирда 30 ёшли А.С бир кун аввал Эйвалек қўрғонидан оқиб ўтувчи канал бўйида ёввойи ҳолда ўсиб турган «конопля» ўсимлигини барглари ва майда ён шоҳларини юлиб олиб, таниши фуқаро 31 ёшли С.К билан бирга ёғда қовуриб истеъмол қилишга келишишга маълум бўлган.

Шунингдек, улар С.Книнг уйида алюмин қозонда ёғда қовуриб, «марихуана» гиёҳвандлик воситасини тайёрлашиб, бир қисмини С.Кга истеъмол қилиши учун қолдириб, қолганини чўнтагига яшириб олиб кетаётганида, тадбир иштирокчилари томонидан ушланган. Фуқаро А.С., дан 62,93 грамм, С.К., дан эса 111,63 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситалари ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Андижон вилоятида ҳам 2020 йилнинг 29 апрель куни Қўрғонтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилаётган тунги хизматда, Илғор кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг олдида фуқаро 25 ёшли С.Т тўхтатилиб текширилади.

Маълум қилинишича, С.Т 1 дона рангсиз полиетилен пакетига ўралган соф вазни 2,1 грамм бўлган, «гашиш» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида баённома орқали ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Қўрғонтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган. С.Т., гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.