Тошкент вилоятидаги санаторияда ярим асрлик қарағайлар кесиб ташланди

Тошкент вилоятидаги санаторияда ярим асрлик қарағайлар кесиб ташланди

Янги арраланган 40−50 йиллик қарағай дарахти таналари ортилган юк машинаси 8 август куни Тошкентда ўтказилган экологик рейд вақида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Юк эгаси — Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Б. Саипназаров (1978 й. т.) — дарахтларнинг қонуний кесилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмади. У қарағайлар Қибрай туманидаги «Бўстон» санаторияси ҳудудида кесилгани ва унинг «Ўрикзор» бозори яқинидаги қурилиш тахталарини тайёрлаш цехига олиб кетилаётганини маълум қилди.

Қўлга олинган шахс 10 йилдан буён дарахтларни ноқонуний кесиш билан шуғулланиб келаётганини ҳам маълум қилди.

Ҳозирда Б. Саипназаровга нисбатан материаллар тайёрланмоқда, улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади, дея қайд этди Давлат экология қўмитаси.