Тошкентда 2,5 ёшли болани уриб ўлдириб қўйган Миллий гвардия ходимига суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 2,5 ёшли болани уриб ўлдириб қўйган Миллий гвардия ходимига суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 2,5 ёшли болакайни уриб ўлдириб қўйган Миллий гвардия ходими 19 йилга қамалди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Акбарали Туробовга таяниб, «Xabar.uz» маълум қилди.

Маълум бўлишича, болакайни онаси ишлаш учун Туркияга кетган, отаси эса она-болани ташлаб кетган. Ишлаш учун кетган онанинг фарзандига дастлаб энага қараб келган, кейинчалик эса айрим сабабларга кўра, болакайга аёлнинг опаси, яъни холаси маълум миқдордаги пул эвазига қарайдиган бўлган.

Таъкидланишича, опанинг турмуш ўртоғи Миллий гвардия ходими бўлиб, эркакнинг ичиб келган вақтида хотинини дўппослайдиган одати бўлган, бундан қўрқиб кетган Самир (синглисининг ўғли) иштонини ҳўл қилиб қўядиган даражага етган. Бу эса холасининг эрига қўл келиб, у болакайни ҳам калтаклайдиган одат чиқарган.

Эркак маст келган кунларининг бирида Самирни уриб, тепиб, уни ўлдириб қўйган. Эр хотинига болакай зинадан йиқилиб тушиб, вафот этганини айтишни буюрган. Аёл ноилож болакайнинг мурдаси билан қишлоғига йўл олган.

Бироқ мурдани кўмиш учун ўлим гувоҳномаси керак, гувоҳномани эса шифокор бериши лозим. Мурдани қишлоқ фельдшери кўриб, зинадан йиқилиб ўлганига шубҳа қилганидан сўнг вазият бироз ойдинлашган. Бундан ҳушёр тортган Самирнинг бувиси (она томонидан) ички ишлар органига қўнғироқ қилганидан сўнг, гўдакнинг мурдаси экспертизага юборилган. Экспертлар эса бола тили тортилиб эмас, етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаган.

Судланувчи Жиноят кодексининг иккита — 97-модда 2-қисмининг «в,ж» бандлари (Ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-модда 2-қисмининг «а,в» бандлари (Вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) айбдор деб топилиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.