Тошкентда 5 G тармоғи қачон ишга тушиши маълум бўлди

Тошкентда 5 G тармоғи қачон ишга тушиши маълум бўлди

Шу кунларда Москвада бўлиб ўтаётган “Открытые инновации” (Очиқ инновациялар) Халқаро форумида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқар экан, 2020 йил Тошкентда 5 G тижорат шаклида ишга туширилишини эълон қилди, хабар қилади UzNews.

Бош вазир сўзларига қараганда, 2020 йил сўнгига қадар республиканинг барча ижтимоий объектлари, шу жумладан, мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари, жами 20 000 дан ортиқ объект, кенг полосали “Интернет” тармоғи билан таъминланади.

“Жорий йил Ўзбекистонда 5 G мобил алоқа тармоғининг синови муваффақиятли ўтди ва биз келгуси йил тармоқни пойтахт бўйлаб тижорат шаклида татбиқ этишни режалаштиряпмиз” – деди Бош вазир.

Арипов шу билан бирга, республикада киберҳужумлар сони кўпайиб бораётганини ва йил бошидан 8 миллион ҳолат қайд этилганини айтиб ўтди.

“Открытые инновации” Москва халқаро форуми “Сколково” технопарки майдонида шу кунларда бўлиб ўтмоқда. У 2012 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади. Бу йилги тадбир 90 та мамлакатдан 600 нафардан зиёд спикерни жамлади.