Тошкентда 92 ёшли аёл қизи ва невараси томонидан калтакланди

Тошкентда 92 ёшли аёл қизи ва невараси томонидан калтакланди

Тошкент шаҳрида 23 апрель куни 92 ёшли аёл қизи ва набираси томонидан калтакланди. Бу ҳақда «Взгляд.uz» аёлнинг невараси Даврон Тиллаевга таяниб хабар берди.

Маълум бўлишича, 23 апрель куни уй-жой масаласи бўйича она ва қиз ўртасида жанжал юзага келган. Аёл каравотда ётган пайтида қизи унинг сочидан тортиб, ерга судраб туширган ва ура бошлаган. Аёл 3 соатга яқин ерда ётган. Тиллаевнинг айтишича, қизи унинг қўл ва оёғига пичоқ билан урган. Шунингдек, унинг ички кийимини оғзига тиқиб, протезини тортиб олган ва устига пешоб қуйган.

Аёлнинг набираси 25 апрель куни меҳмонга келган ва бувисининг оғир аҳволдалигини сезган. Аёлнинг қизи ва невараси тўшакдан йиқилиб тушганини айтган. Бироқ Тиллаев бунга ишонмаган, чунки унинг оёқлари ишламай, танаси ва юзи кўкарган бўлган.

Шундан сўнг невараси уни олиб бориб, даволаниш учун хусусий клиникага жойлаштирган. Даврон Тиллаев ариза ёзганидан кейин ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаганини айтди.

«26 апрель, душанба куни мен ариза ёздим. Бугун, сешанба куни саккизинчи кун ўтди, жавоб йўқ», — дейди у. Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кейин уларга суд экспертизаси келган.

«Экспертиза кеча бўлиб ўтди, энди жавоб чиқиши учун 3–4 кун керак бўлади. Бугун ҳамма суриштиришни бошлади. ИИББдан қўнғироқ қилишди, милиция бўлимига чақиришди», — дейди невара.

Шу билан бирга, ҳозирда кекса аёлнинг аҳволи яхшилангани қайд этилди. Бундан ташқари, Тиллаев бувисининг квартираси бошқа бир невараси номига ноқонуний равишда рўйхатдан ўтганини айтди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг нашрга маълум қилишича, жиноятчиликнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари майор Мақсуда Хўжаназарова ишни назоратга олган.