Тошкентда бешта автомобиль иштирокида ЙТҲ юз берди

Тошкентда бешта автомобиль иштирокида ЙТҲ юз берди

Яшнобод туманида бешта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, 17 октябрь куни соат 10:45да 102 рақамига Яшнобод туманидаги Кичик халқа автомобиль йўлида бешта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганлиги ҳақида хабар келиб тушди.

"Mercedes-Benz" русумли автомобиль ҳайдовчиси 40 ёшли Бахтиёр А. светофорнинг тақиқловчи сигналига тўхтаган.

Бироқ, масофа сақланмаганлиги туфайли қуйидаги автомобиллар иштирокида бирин кетин тўқнашувлар юз берган: "Нексия" русумли автомобилда ҳаракатланиб борган 32 ёшли Зоир И., "Кобальт" русумли автомобилда 50 ёшли Сайдулла Ш., "Каптива" русумли автомобилда 19 ёшли Жаҳонгир А. ва "Нексия" русумли автомобилда 56 ёшли Мираҳмад А. Воқеа сабабли ҳеч ким жабр кўрмади.

“Ҳурматли ҳайдовчилар! Унутманг, зарур бўлганда муаммосиз тўхташга имкон бўладиган тезликда масофа сақлаган ҳолда ҳаракатланишингиз керак. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Сизнинг соғлиғингиз ҳамда автомобилингизнинг бутунлиги ўз қўлингиздадир”, - дейилади ИИББ маълумотида.