Тошкентда бўшаган депутатлик ўрнига сайланиш учун 3000 доллар сўраган депутат ушланди

Тошкентда бўшаган депутатлик ўрнига сайланиш учун 3000 доллар сўраган депутат ушланди

Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида депутатликка сайлаш, иш ва ўқишга жойлаштириш, пахта теримини ташкил қилиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари «Дарё»га маълум қилди.

Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашларидан бирининг депутати бўшаб қолган жойлар учун туман кенгаши депутатлигига сайланишда ёрдам беришни ваъда қилиб, бир фуқародан 3000 доллар сўраган. Мазкур депутат аванс сифатида 1500 доллар олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти Боёвут туманида истиқомат қилувчи, ҳозирда ҳеч қаерда ишламайдиган 18 ёшли фуқаро Гулистон шаҳрида яшовчи ўзининг 17 ёшли жиноий шериги билан бирга бир фуқаронинг ишончига кириб, уни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг учун жиноий шериклар 2000 доллар олган вақтда ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Қирғизистоннинг Ўш давлат университети тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 23 ёшли фуқаро 1350 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.