Тошкентда ички ишлар органлари ходимларининг формасида “макулатура” тўплаб юрган аёл ва эркак қамалди

Тошкентда ички ишлар органлари ходимларининг формасида “макулатура” тўплаб юрган аёл ва эркак қамалди

20 апрель куни соат 15.30 да 102 рақамига фуқаро Ш.А. қўнғироқ қилиб, ички ишлар органлари ходимларининг формасини кийиб олган эркак ва аёл макулатура тўплаб юрганлари ҳақида хабар берди.

Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, 45 ёшли Умирбек Хўжаевни ва муқаддам талончилик ва ўғрилик учун икки марта судланган 36 ёшли Надежда Самоноваларни қўлга олишди. Ходимларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган мазкур шахслар ҳақиқатдан ҳам ички ишлар органларининг хизмат кийимини кийиб олишган эди. Ҳуқуқбузарлар Яккасарой тумани ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимига олиб келиниб текширилганда уларнинг ёнида иккита пичоқ борлиги аниқланди.

Яккасарой тумани ИИО ФМБ У. Хўжаев ва Н. Самоноваларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-3-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши”), 194-моддаси 1-қисми (“ Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) ва 209-1-моддаси (“Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш”) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Яккасарой тумани суди У. Хўжаев ва Н. Самоноваларни қайд этилган ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилади.