Тошкентда ишсизларга ажратилган, Наманганда боғча таъмири учун ажратилган пуллар талон-торож қилинди

Тошкентда ишсизларга ажратилган, Наманганда боғча таъмири учун ажратилган пуллар талон-торож қилинди

Бюджет маблағларини «йўлини қилиб», ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш одатий ҳолга айланаётгани кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда. Бу ҳақда, жилла қурса, битта хабар чиқмаган кун йўқ.

Бугун ҳам Бош прокуратура матбуот хизматидан шунга ўхшаш бир эмас, иккита хабар келди. Биринчиси — Чилонзор туманидан бўлиб, «К.Х.» МФЙ раиси Н.Р. ва туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори А.Р.ларнинг кирдикорларига оид. Яъниким, маҳкама ҳузуридаги Департамент ходимлари аниқлашича, қайд этилган шахслар олдиндан тил бириктириб, марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 нафар фуқаронинг гўёки жамоат ишларига жалб этилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузишади. Ва шу орқали жами 36,2 млн. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилишади.

Иккинчи ҳолат Наманганнинг Учқўрғонида аниқланди. Вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи ИК техник назоратчиси Н.М. «Н.Б.» МЧЖ раҳбари М.И. билан ўзаро тил бириктириб, тумандаги 41-сонли мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш ишларига «қўшиб ёзиб», 173,2 млн. сўм бюджет маблағларини туя қилишган.

Ҳар икки ҳолат бўйича ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва ҳужжатларни қалбакилаштириш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.