Тошкентда коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилди. ССВ буни эълон қилмади

Тошкентда коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилди. ССВ буни эълон қилмади

Бугун, 16 март куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаева Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўттиз олтинчи сессия иштирокчилари қаршисида маъруза қилган.

Мутахассис келтилган маълумотларга кўра, пойтахтнинг учта туманида карантин қоидаларига масъулиятсизлик билан ёдошиш касалликнинг кенг тарқалишига олиб келгани ҳақида хабар берилди. Ушбу маълумотлар орасида бир факт эътиборимизни тортди, деб ёзади "namanganliklar" канали.

Малика Қудратхўжаеванинг қайд этишича, 2021 йилнинг 5 март куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган таълим муассасаси тарбиячиси М. М.нинг қайнотаси Зангиотадаги шифохонага коронавирус инфекцияси ташхиси билан етказилган ва 7 март куни вафот этган. 9 март куни жаноза пайтида мазкур таълим муассасасининг бир неча ходимлари иштирок этган ва бу билан муассаса тарбияланувчиларининг соғлиғини хавфга қўйган.

Эътиборлиси, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, тузалганлар ва вафот этганлар ҳақида кунлик статистика эълон қилиб турадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги март ойида бирорта ўлим ҳолати ҳақида маълумот бермаган!

ССВ статистикасида коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақидаги маълумот сўнгги марта бир ой муқаддам — 10 февралда берилган. Ўшанда касалликдан вафот этганлар сони 622 нафарга етгани қайд этилган.