Тошкентда коронавирусга чалинган 83 ёшли онахон вафот этди

Тошкентда коронавирусга чалинган 83 ёшли онахон вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли онахон Ш.Т.ни жорий йил 25 июндан тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ҳансираш ва нафас сиқиши безовта қилган. 28 июнь куни эса унда коронавирус аниқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.

30 июнь куни тос суяги бўйинчаси цинганлиги сабабли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ўтказилган.

Унга “COVID-19” оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор икки томонлама гонартроз, икки томонлама коксоартроз каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Бемор бундан аввал, кўп йиллардан буён гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб келади. 2019 йилдан бери эса ётоқ ҳолатда бўлган (тизза ва тос-сон бўғимлари остеоартрози, жорий йил 16 июнь куни эса йиқилиб тушиши оқибатида тос суяги бўйинчаси цинган).

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни шифокорлар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Шунингдек, айни вақтга келиб Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 47 кишига етди. Ушбу вирусни жами 11 259 киши юқтирган бўлса,  7 060 киши касалликдан фориғ бўлган.