Тошкентда мудҳиш ҳодиса: "Кобальт" "Ласетти"даги инсонлар умрига зомин бўлди

Тошкентда мудҳиш ҳодиса:

Жорий йилнинг 27 март куни соат 13:30ларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида "Кобальт" русумли автомобиль ҳайдовчиси ёмғир сабаб йўл сирпанчиқлигини инобатга олмасдан, тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланиши оқибатида бошқарувни йўқотган ва қатнов қисмини ажратувчи тўсиққа урилиб, қаршисидан ўз йўлида келаётган "Ласетти" русумли автомобилга тўқнашган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди. 

Натижада, "Ласетти" автомобилининг 31 ёшли ҳайдовчиси ва 33 ёшли йўловчиси ҳодиса жойида вафот этишиб, 25 ёшли йўловчи тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Мазкур аянчли ЙТҲ юзасидан туман ҳудудида ИИВ ЙҲХББ раҳбарлари, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирокида муҳокама бўлиб ўтди.

Ўз йўлида, қоидаларга амал қилган ҳолда кетаётган "Ласетти" ҳайдовчиси ва йўловчининг бевақт вафотига сабабчи бўлган "Кобальт" автомобили ҳайдовчисининг қоидабузарлиги жамоатчилик фаоллари томонидан кескин қораланди.