Тошкентда наркотик сотувчи онлайн дўкон рекламалари пайдо бўлди (фото)

Тошкентда наркотик сотувчи онлайн дўкон рекламалари пайдо бўлди (фото)

Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг бир неча шаҳарларида наркотик сотувчи онлайн дўконни тарғиб қилган яширин баннерлар ўрнатилди. Бу эълондаги QR-код устига босилганда синтетик наркотик савдоси билан шуғулланувчи сайт очилган.

Бундай баннер ва билбордлар Алмати, Чимкент, Қараганда, Усть-Каменогорск, Тошкент, Самарқанд, Душанбе, Бишкек ва Ўш шаҳарларида мавжудлиги аниқланди.

Алматидаги баннер. @Vlast.kz

Бугун ушбу баннерда сурати тасвирланган тошкентлик таниқли инстаблогер Шаҳзода Салимжонова гиёҳванд моддалар рекламасига билмасдан аралашиб қолгани ҳақида хабар қилган эдик.

Гиёҳванд моддалар рекламаси тўғрисидаги хабар 20 октябрда тарқалган. Ҳозирда рекламани қўйган сайт ёпилган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистондаги баннерлар олиб ташланган.

Бишкек ҳокимиятидагилар рекламаларнинг қонунларга мос келишини назорат қилиш Давлат Монополияга қарши кураш агетлиги зиммасида эканлиги ва бу ўзларининг масъулиятига кирмаслигини қайд этишган.

Бишкекдаги баннер олиб ташланмоқда. @Vb.kg

Қирғизистон ИИВ Наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш хизмати ушбу эълоннинг ўрнатилиши юзасидан текширув бошлаган.

Рейтерс ахборот агентлигининг Тошкентдаги мухбири Муҳаммадшариф Маматқулов Фейсбукдаги саҳифасида Тошкентда ҳам наркотик сотувчи онлайн дўкон рекламалари пайдо бўлганини ёзди ва суратларини эълон қилди.

Тошкент шаҳрида наркотик савдоси билан шуғулланувчи онлайн дўкон рекламаси. @Муҳаммадшариф Маматқулов

"Мен буни суратга олгандан кейин Ички ишларга телефон қилиб, Тошкентда ҳам шундай реклама катта йўлнинг ўртасида тургани ҳақида огоҳлантирдим ва шунинг ортидан тушунтириш хати ёздим", дейди журналист.

Тошкентдаги баннерлар олиб ташлангани ва жиноий иш очилгани ҳақида ҳали маълумот мавжуд эмас.