Тошкентда одамларни қурол билан қўрқитган қозоғистонлик наркосавдогар қўлга олинди

Тошкентда одамларни қурол билан қўрқитган қозоғистонлик наркосавдогар қўлга олинди

«Postda»нинг ёзишича, Тошкент шаҳар ИИББга асли Қозоғистон фуқароси бўлган ва қарийб бир йилдан буён Ўзбекистонда яшаб келаётган Саид (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг шубҳали ҳаракатлари бўйича маълумотлар келиб тушган.

Mаълумотлар билан танишиб чиққан ИИВ соҳавий хизмат ходимлари зудлик билан қўшимча кузатув ишларини бошлаган. Бунинг учун Саидни қўлга олиш ва унинг қандай фаолият билан шуғулланишини аниқлаштириш зарур бўлган.

Кузатув натижасида тўпланган маълумотларга асосан Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракатланаётган Cobalt машинасини тўхтатиб, ИИВ махсус кучлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбир натижасида у қўлга олинган.

Қайд этилишича, амалиёт давомида унинг ҳамроҳлари воқеа жойидан очиқдан очиқ қочишга урингани туфайли улар Саиднинг жиноий шериклари эканлиги ошкор бўлган. Қўлга олиш якунига етгач, машина юкхонасида Саидга тегишли сумкадан олдиндан тахмин қилинганидек, «Стечкин» маркали жанговар ўқотар қурол ва 13 дона патрон топилган.

Маълум бўлишича, Қозоғистон Жиноят кодексининг турли моддалари билан уч марта судланиб, жиноий жавобгарликка тортилган Саид 2018 йилнинг сентябрь ойида айланма йўллар билан Ўзбекистонга келган.

Тинтув жараёнида Саид ва шерикларининг гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиши маълум бўлган. Саиднинг кийим-бошлари кўздан кечирилганда гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Тергов жараёнида у Тошкент тумани Келес кўчасидаги вақтинча яшаётган уйида ўзига тегишли 30 та полиэтилен пакетга қадоқланган гиёҳвандлик моддаси борлигини ҳам тан олган.

Гиёҳванд моддаларни Қирғизистон фуқароси Рустам исмли шахсдан олганлигини айтган Саидга Тожикистондан ҳам бир неча марта гиёҳвандлик моддалари олиб кирганлигини тасдиқловчи далиллар келтирилган.

Гиёҳванд моддалар келтиришда унга машинада қўлга олинган ҳамроҳлари А. Макаренко ва С. Ботир яқиндан ёрдам бериб келган. Cobalt йўловчиларидан яна бири Б.Олим текширилганда унинг ёнидан ҳам гиёҳвандлик моддаси топилган.

Суриштирув давомида Саид жиноятга мойиллиги ва пулга муҳтожлиги бўлган шахсларни йиғиб, босқинчилик билан ҳам шуғулланиб келганлиги ҳақидаги фактлар ойдинлашгач, автомашина юкхонасига «Стечкин» ва унинг 13 дона патронидан одамларни қўрқитиш, босқинчилик қилиш, наркотик моддаларни олиб кириш ва сотишда фойдаланилгани ойдинлашган.